Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

У ишлаб топаётган йиллик маблағ миқдорига минтақанинг энг кучли АТ-тадбиркорлари ҳам ҳавас қилади — Саидравшан Шокиров билан танишамиз (видео)

«Боланинг қобилияти ота-онасининг ҳамёнига боғлиқ эмас». Физика бўйича Нобель мукофоти совриндори Жорес Алферовнинг бу фикри нақадар ҳақиқат эканлигига Бухорода бўлганимизда яна бир бор амин бўлдик.

Дастурчи фрилансер сифатида иш бошлаган Саидравшан Шокиров дастлабки маблағи — 100 долларни 15 ёшида топган. 25 ёшли фрилансер «Toptal.com» жаҳон фрилансерлар дастурчиси саналади. Айни пайтда у toptal.com аутсорсинг платформасида дунёнинг энг кучли дастурчиларидан бири сифатида топ-3таликдан ўрин олган. Ҳозиргача 38 та йирик лойиҳа устида иш олиб борган. У ишлаб топаётган йиллик маблағ миқдорига минтақанинг энг кучли АТ-тадбиркорлари ҳам ҳавас қилади.

2020 йил бошида Саидравшан Шокиров «Monday Labs» дастурчилар мактабини ташкил қилди.

«Олдимизга уч асосий мақсадни қўйганмиз, — дейди у. — Биринчиси, «Monday» академиямизда ёшларни ўқитиб, дастурлаш бўйича кадрларни тайёрлаймиз. Иккинчи йўналишимиз аутсоринг бўлиб, дунё бозоридан ахборот технологиялари бўйича буюртмалар олиб, ёшларни иш билан таъминлаймиз. Учинчиси эса стартап лойиҳалар устида ишлаймиз.  Мазкур лойиҳаларни аввал ўзимизда татбиқ этиб, кейинчалик МДҲ ва хорижга олиб чиқамиз.

«Monday Labs» дастурчилар мактабини шу вақтгача 214 нафар ўқувчи тамомлаган. Улар орасидан 10 нафари Саидравшан Шокиров раҳбарлик қилаётган «Monday Labs» МЧЖга ишга олинган. У 2023 йилгача халқаро талабларга жавоб берадиган 250 нафар кучли дастурчи тайёрлашни режалаштирган.

«Фрилансер қайси йўналишда ишлашни ўзи танлаб олиши керак? – дейди Саидравшан. – Ҳозир мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам ахборот технологиялари бўйича мутахассисларга талаб ошган. Демак, кучли мутахассис бўлиш учун тинмай изланиш ва тажриба орттириш зарур. Бунинг учун эса сабр ва қунт керак. Фрилансер учун алоҳида офис шарт эмас. Узлуксиз электр энергия ва интернет бўлса кифоя.

Бухорода ахборот технологиялари бўйича истеъдодли ёшлар кўп. Уларнинг бир вакили бўлган Саидравшан мамлакатимизда кенг қулоч ёйган «One Million Uzbek Coders» лойиҳасини амалга оширишга ҳисса қўшишни ният қилган. Омад тилаймиз!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг