Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ Украинага «яшил чироқ» ёқмоқда

АҚШ Украинага «яшил чироқ» ёқмоқда

АҚШ Украинага юздан зиёд ATACMS ракеталарини етказиб берган.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россиянинг ички ҳудудлари бўйлаб ракета зарбалари йўллашга рухсат бериши мумкин. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Буюк Британиянинг Sky News телеканалига берган интервьюсида гапирди.

АҚШ Россия тажовузи ортидан Украинага фаол равишда ҳарбий кўмак кўрсатмоқда. Аммо можарога НАТО давлатлари, жумладан, Қўшма Штатларнинг аралашиб қолиши эҳтимоли сабаб Киевга Америка ракета ва учоқлари билан Россиянинг ички ҳудудларига зарба йўллашга изн берилмай келаётган эди.

«Қарор қабул қилишда барча жиҳатлар инобатга олиниши керак. Аммо шуни айтишим мумкинки, биз вазиятга мослашган ҳолда ҳар бир қадамда қарорларимизни тўғрилаб боряпмиз ва шундай давом этамиз. Ҳозирги паллада буни (Вашингтоннинг Киевга Россия бўйлаб ракета зарбалари йўллашга рухсати назарда тутилмоқда – таҳр.) истисно этмаётирмиз», – деди Қўшма Штатлар давлат котиби.

Бугун, 11 сентябрь куни Энтони Блинкен Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми билан биргаликда Киевга ташриф буюради. АҚШнинг «Axios» нашри хабарига кўра, ушбу ташриф давомида Украина раҳбариятига Оқ уйнинг Россия бўйлаб ракета зарбалари беришга доир рухсати расман етказилади.

Вашингтоннинг бундай кескин қарорга келишига Эрон томонидан Россияга баллистик ракеталар етказилгани сабаб бўлиши мумкин. Гап шундаки, куни кеча Ғарб давлатлари Эрон Россияга 120 км масофадаги нишонларни ура оладиган Fath-360 ракеталарини етказганини маълум қилди. 10 сентябрь куни Германия, Франция ва Буюк Британия шу муносабат билан Эронга нисбатан санкциялар қўлланиши ҳақида баёнот берди.

АҚШ Украинага 300 км га қадар масофага учувчи ATACMS ракеталарини етказиб берган. Агар Вашингтон Киевга «яшил чироқ» ёқса, Украина мазкур ракеталар билан Россиянинг Ростов, Воронеж, Белгород, Курск, Брянск, Липецк, Калуга каби вилоятларидаги нишонларга зарба йўллаши мумкин. АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоб-китобига кўра, Украина шу тариқа Россиядаги 245 та ҳарбий объект, жумладан, аэродромларга ҳужум уюштириш имконига эга бўлади.

Украина мудофаа вазири Рустем Умеров жорий йил августда Вашингтонга сафари пайти АҚШ расмийларига Россия ҳудуди бўйлаб зарба йўлланиши режалаштирилган объектлар рўйхатини берган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг