Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида муҳим ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида муҳим ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Тошкентда Қозоғистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон ТИВга кўра, юқори мартабали дипломатлар учрашувида олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш, жумладан, ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказишга алоҳида эътибор қаратилган.

Икки вазир, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги транспорт соҳасида фойдаланилмаётган улкан салоҳият, Марказий Осиёнинг халқаро транзит имконияти, озиқ-овқат хавфсизлиги, академик ва билим алмашинуви, барқарор ривожланишни таъминлаш, минтақавий фаровонлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича ҳамкорлик масалалари юзасидан фикрлашган.

Музокара якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024–2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган. Икки давлат алоқаларини сезиларли натижалар билан бойитишга қаратилган ҳужжат Ўзбекистон ва Қозоғистон кенг қамровли кун тартибининг барча йўналишларини қамраб олади.

«Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари сўнгги йилларда мисли кўрилмаган даражага кўтарилди, ўтган йили Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияни имзоладик. Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирликлари барча соҳалардаги яқин ҳамкорлигимизни истисносиз янада чуқурлаштириш учун зарур саъй-ҳаракатларини сафарбар қилишга тайёр», – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ Б.Саидов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Қозоғистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири М.Нуртлеу Тошкент шаҳридаги 20 дан ортиқ юқори технологияга асосланган, рақобатбардош, экспортга йўналтирилган корхоналарни ўз ичига олган Технопаркка ташриф буюрган.

Делегация Марказий Осиёнинг асосий маънавий ёдгорликларидан бири бўлган Ҳазрати Имом мажмуаси, Тошкент маданий-тарихий меросининг ноёб дурдонаси – Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараларини ҳам зиёрат қилган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари – ташқи ишлар вазирини қабул қилган. Учрашувда сиёсий мулоқотни янада фаоллаштириш, иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидаги лойиҳаларни жадаллаштириш, гуманитар алмашинув дастурларини кенгайтириш ҳамда Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик ва шерикликни мустаҳкамлаш чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг