Android qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×

Ҳокимнинг гапларидан «ўзгача маъно излаб», «бузиб талқин» қилиняптими?

Ҳокимнинг гапларидан «ўзгача маъно излаб», «бузиб талқин» қилиняптими?

Фото:«Xabar.uz»

Куни кеча ижтимоий тармоқ ва ОАВларда Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ишчи йиғилишда айтган гаплари аудиоси тарқалиши юзасидан вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати баёнот берди.

Унда гўёки «...нотиқнинг сўзларидан ўзгача маъно излаб, бузиб талқин қилиш ҳоллари рўй» бераётгани таъкидланади. Шунингдек, вилоятда катта ўзгариш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганига урғу берилар экан, бундай улкан ислоҳотлар даврида «давлат хизматчилари дин ниқобидаги айрим ноқонуний хатти-ҳаракатларга бефарқ қараб туролмаслиги», ҳокимнинг айтган гаплари «миллий маданият ва маънавиятимизга номуносиб шаклда ўзга халқлар урф одатига амал қилиб рўмол ўрайдиган ва кийинадиганлар» қаратилгани таъкидланади. Шунингдек, баёнотда вилоят ҳокими гап орасида қўпол иборалар ишлатгани тан олиши баробарида «...хорижий ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги билдирилган фикр – мулоҳазаларни Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев, ҳокимлик мутасаддилари ўрганиб, тегишли хулосалар» чиқарилиши ҳам билдиради.

Мазкур баёнотда вазият яхшигина «тегишли хулосалар чиқариш» айтилмасин, ҳоким Шуҳрат Ғаниев илонларни пўст ташлатгудек «нутқлари» билан биринчи марта интернет юлдузига айланаётгани йўқ.

1. Амалдор ўтган йили Оқтўба фожеасидан бутун мамлакат карахт бўлиб турганда катта йиғлиш ўтказиб, тошлоқликларни сидирғасига «хароми!» деб сўккани ортидан кенг жамоатчиликка танилганди. Тошлоқликларнинг бундай «шараф»га лойиқ кўрилиши қозоқ диёрида ёниб-жизғанак бўлганлар орасида шу туманлик одамлар кўпроқ эканлигида эди, холос. Бунинг учун ҳоким на жавобгарликка тортилди, на узр сўради.

Шов-шувлар тингач, ҳаммаси ўз изига тушди, гўё...

2. Орадан олти ойча ўтиб, Ш. Ғаниев яна омма эътиборини ўзига қаратади. Унинг бу сафарги «оташин нутқи»дан Мажбурий ижро бюросининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғига очиқдан очиқ «ичангни суғуриб, бошингга салла қилвораман!» мазмунида таҳдид қилгани англашилади. МИБ прокуратура тизимидаги муассаса, демак, бундай ҳолатдан кўз юмилмас, дейилди. Бироқ МИБ раҳбарияти «...бюронинг вилоятдаги раҳбари билан ҳокимнинг муносабати яхшилиги»ни сабаб «ҳокимга чора кўриш бўйича ҳеч қаерга мурожаат қилмаганини» айтиш билан чекланди, холос. Шу билан очилаётган қозон ёпилди.

3. Шу йилнинг 2 август куни Ўзбекситон Республикаси Президенти ўтказган кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида жойларга «снос»лар тўхталиб, Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимларини қаттиқ танқид қилди. Натижада давлат раҳбаридан яхшигина дакки эшитган амалдорлар қатори Ш. Ғаниев ҳам оммавий ахборот воситалари орқали «билиб-билмай» халққа етказган озори учун расман узр сўради. Шу воқеликлардан бир неча кутиб ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Админстрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг ахбороти эълон қилиндики, унда Хоразм ва Қашқадарё вилояти ҳокимлари қатори Шуҳрат Ғаниевга ҳам йил охиригача имконият берилгани айтилади.

...Мана, бугун Ш. Ғаниев яна ҳаммани ўзига қаратиб ўтирибди. Ҳокимнинг навбатдаги «чиқиши» қандай якун топади - ҳозирча номаълум.

«Xabar.uz» манбасига кўра, Фарғона вилояти ҳокими масаласи бугун бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Сенатининг йиғилишида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

 

Izohlar 0

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring