Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Антониу Гутерриш: БМТ тарихида бундай ҳолат аввал кузатилмаган...

Антониу Гутерриш: БМТ тарихида бундай ҳолат аввал кузатилмаган...

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазодаги ҳалокатли вазият юзасидан матбуот анжумани ўтказди.

Халқаро ташкилот етакчиси Ғазода Исроил томонидан ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатларда 20 мингдан зиёд фаластинлик – асосан бегуноҳ болалар ва аёллар ҳалок бўлгани, 1,9 миллион аҳоли ўз уйини тарк этганини қайд этди.

«Ғазода соғлиқни сақлаш тизими издан чиққан. Жанубдаги шифохоналар уч баравар кўп беморларга тўлган. Шимолда шифохоналар деярли ишламаяпти. Ҳамкасбларимиздан бири беморларни даволаш учун дори-дармон ва имкон қолмаган шифохоналардаги вазиятни қабристон сукунатига ўхшатди. Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига қараганда, Ғазода оммавий очарлик юзага келмоқда. Ярим миллиондан зиёд одам – чорак қисм аҳоли даҳшатли очлик домида қолмоқда», – дейди БМТ бош котиби.

Гутерриш муттасил давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар шароитида гуманитар кўмак етказиш амри маҳол бўлиб қолаётгани, инсонпарварлик юкларини тарқатишга Исроил тўсқинлик қилаётганини айтган.

Исроил бомбардимонларида БМТнинг турли тузилмалари ходимлари ҳам ҳалок бўлмоқда.

«Ғазодаги урушнинг 75 куни мобайнида 136 нафар ҳамкасбимиз ҳалок бўлди. БМТнинг бутун тарихида бундай ҳолат кузатилмаган эди. Ғазода бир қарич ҳам хавфсиз жой қолмади», – дейди А.Гутерриш.

Исроил маъмурияти Ғазода жорий қилган тижорий чекловлар вазиятни баттар оғирлаштирмоқда.

«Дўкон пештахталари бўм-бўш, чўнтаклар бўм-бўш, ошқозонлар бўм-бўш! Бутун Ғазо бўйича биттагина новвойхона ишлаб турибди. Мен Исроил ҳукуматини тижорий фаолият бўйича чекловни зудлик билан бекор қилишга чақираман», – дейди у.

Сиёсий етакчи Исроил томонига тинч аҳолини бомбардимон қилиш ва Ғазо аҳлини жамоавий жазолаш орқали халқар гуманитар ҳуқуқни поймол этаётгани, ҳар қандай важ-корсон жавобгарликдан халос этмаслигини яна бир карра эслатган. Гуманитар фалокатни бартараф этиш учун ўт очишни зудлик билан тўхтатиш лозимлигини уқтирган.

Бош котиб таъкидича, истиқболда бундан-да ҳалокатли ихтилофларнинг олдини олиш учун мустақил Фаластин давлати ташкил этилиши керак.

«Қанчалик мушкул туюлмасин, барқарор тинчликка эришишнинг ягона йўли бу – БМТ резолюциялари, халқаро ҳуқуқ ва муқаддам имзоланган битимларга мувофиқ икки давлат қарорининг рўёбга чиқарилишидир. Бошқа ҳар қандай таклиф-ташаббус Фаластин халқининг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва умидларини поймол этади. (Фаластин давлати таъсис этилмаслиги) Ғазо секторидан ташқаридаги ҳудудларни ҳам ўз домига олувчи ғазаб ўтининг алангаланишига олиб келади. Бу ҳол Исроилнинг истиқболдаги хавфсизлигига ҳам таҳдид туғдиради», – дейди Антониу Гутерриш.

БМТ раҳбари аввалроқ Ғазо болалар қабристонига айлангани ҳақида бонг урган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг