Саудиядаги нефт заводига «сохта байроқ» остида Исроил зарба берган – Tasnim
2 март куни Эрон Саудия Арабистонининг нефт инфратузилмасига, жумладан, дунёдаги энг йирик нефт экспорт марказларидан бири бўлган Saudi Aramco компаниясининг Рас-Танура объектига зарба бергани хабар қилинган эди.
Эроннинг Tasnim News Agency агентлиги хабарига кўра, Saudi Aramco нефть объектларига амалга оширилган ҳужум Исроил томонидан уюштирилган ва «сохта байроқ» (false flag) амалиёти намунаси бўлиши мумкин.
Агентликнинг «хабардор ҳарбий манба»га таяниб айтишича, мазкур ҳаракатнинг мақсади – минтақадаги давлатлар эътиборини Исроилнинг Эрон ҳудудидаги фуқаровий объектларга қилинган зарбаларидан чалғитишдир.
«Эрон ҳеч қандай иккиланишсиз минтақадаги барча америкалик ва исроиллик манфаатлар, объектлар ва инфратузилмаларга зарба беришини маълум қилган ва уларнинг кўпчилигига аллақачон ҳужум қилди. Бироқ Aramco объектлари ҳозирча Эрон ҳужумлари нишонлари қаторига кирмаган», – деган Агентлик манбаси.
Шунингдек, манба разведка маълумотларига таяниб, БААдаги Фужайра порти ҳам «сохта байроқ» доирасидаги навбатдаги эҳтимолий нишонлардан бири бўлиши мумкинлигини иддао қилган.
Айни пайтда мазкур даъволар мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ. Исроил ёки бошқа томонлардан расмий муносабат билдирилмаган.
Вазият минтақадаги кескинлик фонида содир бўлмоқда ва нефт инфратузилмасига қаратилган ҳар қандай ҳужум глобал энергетика бозорига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter