Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вазиятга Сенат аралашди. Сергелидаги бадбўй ҳид муаммоси ҳал бўлади

Вазиятга Сенат аралашди. Сергелидаги бадбўй ҳид муаммоси ҳал бўлади

Сергели тумани «Ўзгариш» маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли узлуксиз, ёқимсиз ҳид келаётганидан шикоят қилаётгани тўғрисида хабар берилганди.

Олий Мажлис Сенати матбуот хизматига кўра, чиқинди сувларни ифлослантирадиган бир қатор корхоналарни тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланмоқда.

Мазкур ҳолат Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан шу куннинг ўзида назоратга олиниб, дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, ҳақиқатда ўта кучли бўлган бадбўй ҳид «Салар» сув тозалаш иншооти биринчи қувурининг кириш қисмидаги оқова сувлардан чиқаётгани маълум бўлган. Механик тозалашдан сўнг, оқова сувлар очиқ лоток орқали 500 метр масофада биологик тозалаш иншоотига оқиб бориш жараёнида биологик тозалаш иншоотидан шамол эсган томонга бадбўй ҳидлар тарқалмоқда.

«Салар» тозалаш иншоотига 533 та корхонанинг ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган оқова сувлари ташланади. «Тошкент шаҳар сув таъминот» МЧЖ томонидан нохуш ҳидларнинг чиқишига сабаб бўлиб келаётган 18 та потенциал хавфли корхоналар рўйхати тақдим қилинган. Улар орасида 5 та чарм саноати, 6 та тўқимачилик корхоналари бор.

Ушбу 18 та ишлаб чиқариш корхоналарида текширувлар амалга ошириш мақсадида, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишув асосида ўрганиш ишлари бошлаб юборилган. Ўрганиш натижалари бўйича носоз локал тозалаш иншоотлари аниқланган корхоналарда камчиликлар бартараф қилингунга қадар канализация тармоғидан узиб қўйиш чоралари кўрилади.

Бундан ташқари, мазкур корхоналарнинг локал тозалаш иншоотларида реконструкция ишларини амалга ошириш, шунингдек, 5 та чарм саноат корхоналарини Тошкент шаҳар ҳудудидан ташқарига кўчиришни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг