Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ Исроилга 6 млрд долларлик қурол сотишни режалагани ошкор бўлди

АҚШ Исроилга 6 млрд долларлик қурол сотишни режалагани ошкор бўлди

Фото: AP

Трамп маъмурияти Исроилга қарийб 6 миллиард долларлик қурол сотиш учун Конгрессдан рухсат олишга ҳаракат қилмоқда.

Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига асосланиб хабар берди. Пакетга қиймати 3,8 миллиард долларлик 30 дона AH-64 Apache вертолётлари, шунингдек, 1,9 миллиард долларлик 3250 та пиёда жанговар машиналари киради. Бироқ, WSJ манбаларининг аниқлик киритишича, бу жиҳозларнинг барчаси яқин икки-уч йил ичида Исроилга етказилмайди. 

 Нашр томонидан кўриб чиқилган ҳужжатларга кўра, қурол сотиб олиш АҚШнинг хорижий давлатларга кўрсатаётган ҳарбий ёрдам фондлари ҳисобидан молиялаштирилади. Исроил ўзининг Америка қуролларининг асосий қисмини ҳар йили ҳарбий ёрдам орқали бериладиган АҚШ солиқ тўловчилари маблағлари ҳисобидан сотиб олади. 

АҚШ Давлат департаменти ҳозирда Вакиллар палатаси ва Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитасидаги тўртта етакчи республикачи ва демократ арбоблардан лойиҳани тасдиқлашни талаб қилмоқда, дея хабар беради нашр манбалари. Одатда, йирик хорижий қурол-яроғ битимлари дастлаб ушбу икки қўмита раҳбарлари томонидан тасдиқланади, шундан сўнг маъмурият АҚШ Конгресси ва жамоатчиликни хабардор қилади. 

Таклиф этилаётган лойиҳа дастлаб қўмита раҳбарларига тахминан бир ой олдин, Исроилнинг 9 сентябр куни Қатардаги ҲАМАС етакчиларига қарши зарбасидан олдин юборилган эди. Бу воқеалардан кейин иккинчи сўров берилди. АҚШ Давлат департаменти ва Исроил Мудофаа вазирлиги ОАВга бу борада изоҳ беришдан бош тортган. Оқ уй изоҳ сўровларига жавоб бермади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг