Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ ортидан Германия ҳам Украина тажрибасини ўрганмоқчи

АҚШ ортидан Германия ҳам Украина тажрибасини ўрганмоқчи

Фото: Kyiv Security Forum

Германия Украинадан ҳарбий жабҳада дронлардан самарали фойдаланиш усулларини ўрганмоқчи. Бу ҳақда Германия мудофаа вазирлигининг Украина масалалари бўйича махсус штаби раҳбари, генерал Йоахим Кашке маълум қилди.

Унга кўра, Украина Россия билан уруш мобайнида оммавий зарбаларни дронлар ёрдамида қайтариш борасида катта ютуқларга эришмоқда. Яқин Шарқда давом этаётган урушда АҚШ ва унинг араб иттифоқчилари Эрон ракета ва дронларини қайтариш учун қиммат ракеталардан фойдаланаётган бўлса, Украина қўллаётган усул самарадорлиги ва камхаржлиги билан ажралиб туради.

«Моҳият эътиборига кўра, Украина рақибини сон эмас, сифат билан мағлуб этмоқда. Ўйлайманки, биз бу жиҳатдан улардан ўрганишимиз керак... Украиналиклар вазиятга ижодий равишда мослашиб, учувчисиз парвоз қиладиган қурилмалардан фойдаланиш орқали рақибнинг сон жиҳатдан устунлигига чек қўйди», – дейди генерал Йоахим Кашке.

Қайд этилишича, Германия Украинадан қуруқликдаги ҳужумларда логистика, тиббий эвакуация каби мақсадларда учувчисиз транспорт тизимлари борасида ҳам тажриба ўрганиши зарур.

Аввал хабар берганимиздек, Яқин Шарқдаги уруш фонида ҳам тўрт йил мобайнида Россияга қарши урушда тобланган Украина катта саҳнага чиққан эди. Жумладан, АҚШ президенти Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийдан айнан Яқин Шарқдаги ҳарбий базалари ва иттифоқчиларини Эрон дронларидан самарали ҳимоя қилиш борасида кўмак сўраган.

Маълумот ўрнида: яқинда Германиянинг ҳарбий-мудофаа концепцияси тақдим этилди. Унда мамлакат қуролли кучларини Европадаги энг кучли доимий армияга айлантириш мақсади белгиланган.

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг