АҚШ разведкаси Жо Байденни жиддий хавфдан огоҳлантирди
Хитой жосуслари АҚШнинг янги сайланган президенти Жо Байден маъмуриятига таъсир кўрсатиш учун қатъий суратда саъй-ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Аспен институти томонидан ташкил этилган онлайн анжуманда АҚШ миллий разведка хизмати ҳузуридаги ташқи разведка бошқармаси раҳбари Уильям Эванин маълумот берди.
Қайд этилишича, Хитой разведкаси Қўшма Штатларда бўлиб ўтган президентлик сайловига кучли қизиқиш намоён этган. Айни пайтда эса Осмоности ўлкаси жосуслари янги сайланган президент жамоасига яқин бўлган шахсларни синчковлик билан ўрганмоқда.
«Янги маъмурият (ташқи томондан) таъсир кўрсатишга уриниш мавжудлигини англаши, унинг мазмун-моҳиятини теран идрок этиши муҳим», – деган Уильям Эванин.
Адлия вазирлиги миллий хавфсизлик бошқармаси раҳбари Жон Демерс эса сўнгги пайтларда Хитой фойдасига жосуслик қилишда гумонланган юзлаб шахс АҚШдан қочиб кетганини маълум қилган.
Гап шундаки, Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) жорий йил ёзда АҚШ илмий лабораторияларда фаолият юритаётган хитойлик олимлардан 100 га яқини Хитой армияси билан яширин равишда ҳамкорлик қилиб келаётгани фош этган.
«5-6 киши ҳибсга олинди, аммо бу муз қоясининг учи, холос. Очиғини айтганда, бу хавф қанчалик улкан эканини на мен, на ҳамкасбларимиз тўлиқ тасаввур этгандик», – деган Ж.Демерс.
ФҚБ гумондорлар билан суҳбат ўтказа бошлаганч, 1000 дан зиёд хитойлик тадқиқотчи ошиғич равишда Қўшма Штатларни тарк этган.
Сентябрь ойида эса АҚШ мингга яқин хитойлик олим ва талабаларнинг визасини бекор қилган. Давлат департаменти Хитой коммунистик партиясининг ҳарбий устунлик мақсадига хизмат қилмайдиган талаба ва олимларга мамлакат дарвозалари очиқ эканини эслатган.
Пекин ҳамда Вашингтон ўртасидаги муносабатлар Дональд Трамп бошқаруви даврида икки томонлама савдо-иқтисодий зиддиятлар, Ҳонконгда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва COVID-19 пандемияси важидан совуқлашди. АҚШ Давлат котиби Майк Помпео эса Хитойни очиқ-ошкора ўрта ва яқин истиқболда мамлакат учун асосий ташқи таҳдид деб атади.
Сайлов кампанияси даврида ҳам икки номзод бир-бирини Хитой таъсирига тушишда айблади. Байден Трампнинг Хитой банкида ҳисоб рақами борлигини, Трамп эса Байденнинг ўғли Ҳантер Чин ўлкаси билан тижорий муносабатларга эга эканини танқид қилди.
Аввалроқ америкалик таниқли сиёсатшунос, профессор Кристофер Лейн «Foreign Affairs» нашрида чоп этилган мақоласида Қўшма Штатлар ҳамда Хитой ўртасида қуролли тўқнашув рўй бериши муқаррарлиги ва бу уруш Вьетнам, Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий кампаниялардан хатарлироқ оқибатларга олиб келишини башорат қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter