Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ Хитойга технология соҳасида «уруш очди»

АҚШ Хитойга технология соҳасида «уруш очди»

Фото: Thomas Pullin

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Хитойга сунъий интеллект йўналишидаги тадқиқотлар учун чиплар сотишни тақиқлади. Ушбу санкция нафақат Америкада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, балки дунё бўйлаб американча технология асосида тайёрланган барча маҳсулотларга татбиқ этилади.

Таҳлилчилар расмий Вашингтон Пекинга нисбатан бу кўламдаги чекловларни 1990-йиллардан буён илк бор жорий этаётганига эътибор қаратмоқда. Айрим сиёсатшунослар Байден маъмуриятининг бу қадамини Хитойга технология соҳасида уруш эълон қилиш дея баҳолаётир.

АҚШ савдо вазирлиги жорий этадиган чеклов биринчи навбатда суперкомпьютерлар, хусусан, сунъий интеллект йўналишидаги дастурларга тегишлидир. Эндиликда Хитой ширкатлари билан ҳамкорлик қилувчи ишлаб чиқарувчилар АҚШ маъмурий идораларидан экспорт учун махсус лицензия олиши талаб этилади. Қайд этилишича, лицензия сўрови бўйича аризаларнинг аксари рад этилиши кўзда тутилган.

Айни чоқда, америкалик олим ва тадқиқотчиларга яримўтказкичлар соҳасида Хитой ширкатларига кўмак бериш тақиқланмоқда.

Оқ уйдаги манбалар мазкур чекловдан кўзланган мақсад Хитойнинг сунъий интеллект соҳасида ютуқларга эришишининг олдини олиш эканини маълум қилган. Расмий Вашингтон Пекин сунъий интеллект ва юқори технологиялар ёрдамида ядро портлашларини моделлаштириши, гипертовушли ракеталар тизимини такомиллаштиришидан хавотирда. Байден маъмурияти бошқа ривожланган мамлакатларда ҳам Хитойга нисбатан шундай чеклов жорий этилишига эришишни кўзламоқда.

Жорий йил сентябрь ойида Оқ уй томонидан федерал бюджетдан молиялаштирилувчи ширкатларга ўн йил давомида Хитойда юқори технологияларга асосланган объектларни барпо этиш тақиқланган эди. Мамлакат савдо вазирлиги бу чекловни ҳам миллий хавфсизликни таъминлаш мақсади билан изоҳлаган. 

Таҳлилчилар Байден маъмуриятининг Хитойга нисбатан қўллаган янги санкциясини Дональд Трамп даврида Чин ўлкасининг ишонган тоғларидан бири – Huawei ширкати қора рўйхатга киритилиши билан муқояса этмоқдалар. Шунга кўра, яқин фурсатда Хитой ҳам жавоб чоралари қўллаши истисно этилмаётир. Сайёрамизнинг икки йирик давлати ўртасидаги савдо-молиявий уруш эса дунёдаги тартиб-низомларга кучли таъсир кўрсатиши мумкин.

Аслида, Пекин ҳамда Вашингтон ўртасидаги муносабатлар президент Трамп бошқаруви даврида икки томонлама савдо-иқтисодий зиддиятлар, Ҳонконгда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва COVID-19 пандемияси сабаб совуқлашди. Хусусан, COVID-19 вакцинасини ўғирлашга уриниш важидан жиддий дипломатик зиддият юзага келди.

Хитой жосусларининг президент Байден маъмуриятига таъсир кўрсатиш учун қатъий суратда саъй-ҳаракат қилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам тутаб турган оловга мой сепгандек таъсир кўрсатди.

Пировардида АҚШ давлат котиби Хитойни очиқ-ошкора ўрта ва яқин истиқболда мамлакат учун асосий ташқи таҳдид деб атади.

Америкалик таниқли сиёсатшунос, профессор Кристофер Лейн эса «Foreign Affairs» нашрида чоп этилган мақоласида Қўшма Штатлар ҳамда Хитой ўртасида қуролли тўқнашув рўй бериши муқаррарлиги, бу уруш Вьетнам, Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий кампаниялардан хатарлироқ оқибатларга олиб келишини башорат қилди.

Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида беаёв иқтисодий рақобат кечиши кутилмоқда. «The Economist» нашри таҳлилларига қараганда, Хитой 2030-йиллар ўрталарига бориб, ЯИМ ҳажми бўйича АҚШни қувиб ўтиб, дунёнинг биринчи давлатига айланади. Аммо демографик танглик – ишчи кучининг етишмаслиги, аҳолининг қариши сабаб биринчиликни топширишга мажбур бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг