Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ–Эрон музокараларида «сезиларли илгарилаш» қайд этилди

АҚШ–Эрон музокараларида «сезиларли илгарилаш» қайд этилди

Швейцарияда Омон воситачилигида ўтган музокараларда Эрон ва АҚШ «сезиларли илгарилаш»га эришди. Бу ҳақда томонлар ўртасидаги навбатдаги учрашувдан сўнг воситачилар маълум қилди. Томонлар келаси ҳафта мулоқотни давом эттиришга келишиб олган.

Музокаралар Трамп томонидан Теҳронга 15 кун ичида келишувга эришиш бўйича берилган муҳлат ортидан ўтказилди. АҚШ ҳали ҳам эҳтимолий ҳарбий зарбалар вариантини кўриб чиқмоқда ва минтақада авиация ҳамда ҳарбий-денгиз кучларини кучайтиришни давом эттиряпти.

Эрон музокаралар фақат унинг ядровий дастурига тааллуқли бўлиши кераклигини таъкидламоқда. Вашингтон эса Теҳроннинг ракета дастурини чеклаш ва минтақадаги қуролли гуруҳларга кўрсатилаётган ёрдамни тўхтатишни ҳам талаб қиляпти.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи давлат телеканалида чиқиш қилиб, музокаралар «жуда яхши илгарилаш»га эришганини, айниқса ядровий масала ва санкциялар бўйича келишув элементлари юзасидан жиддий яқинлашув бўлганини айтди. Унинг билдиришича, навбатдаги раунд «эҳтимол бир ҳафтадан кам вақт ичида» ўтказилади, Вена шаҳрида эса БМТнинг ядровий агентлиги доирасида техник маслаҳатлашувлар бошланади.

Ароқчининг сўзларига кўра, сўнгги учрашув «ҳозиргача энг интенсив» музокара бўлган. У «X» платформасидаги саҳифасида томонлар санкцияларни бекор қилиш ва ядровий дастурга оид қадамлар юзасидан батафсил ишлашни давом эттиришга келишиб олганини ёзди.

Қарийб уч соатлик музокараларда Эрон делегациясига Ароқчи бошчилик қилди. АҚШ томонидан эса махсус вакил Стив Уиткофф ҳамда Трампнинг куёви Жаред Кушнер иштирок этди.

Маълумот учун, айни музокараларда Трамп Эрондан уранни бойитишни тўлиқ тўхтатиш, узоқ масофали ракеталар дастурини қисқартириш ва минтақадаги қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлашни бас қилишни талаб қилмоқда. Эрон эса музокаралар фақат ядровий дастур доирасида олиб борилиши мумкинлигини, унинг атом дастури мутлақо тинч мақсадларга қаратилганини таъкидламоқда.

Сешанба кунги чиқишида Трамп Эронни «яширин ядровий амбициялар»да айблади ҳамда Теҳрон Европа ва хориждаги АҚШ базаларига таҳдид солиши мумкин бўлган ракеталар яратганини билдирди. Эрон ТИВ бу баёнотни «ёлғон» деб атади.

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён эса музокаралар арафасида мамлакат ҳеч қачон ядровий қурол яратишга интилмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Музокаралар фонида АҚШ минтақадаги ҳарбий қувватини кучайтирмоқда. Оммавий ахборот воситаларига кўра, дунёдаги энг йирик авиаташувчи – USS Gerald R. Ford Крит яқинидаги база ҳудудида кузатилган ва Ўрта ер денгизига йўналтирилган.

Ҳозирда АҚШ Яқин Шарқда бир авиаташувчи – USS Abraham Lincoln, тўққизта эсминец ва яна учта жанговар кемани жойлаштирган.

Манба: ru.euronews.com

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг