Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Араб оламида илк бор: Cаудия яна бир йирик лойиҳани амалга оширмоқчи

Араб оламида илк бор: Cаудия яна бир йирик лойиҳани амалга оширмоқчи

Фото: NEOM

Саудия Арабистони TROJENA деб аталган туристик шаҳарча қурилиши режасини эълон қилди. Бу, иссиқ иқлимли минтақадаги илк йирик тоғ-чанғи дам олиш ҳудуди бўлиши кутилмоқда.

Янги шаҳарча келажак шаҳри деб аталаётган NEOM ҳудудида барпо этилади.

«TROJENA жаҳон тоғ сайёҳлигида янги даврни бошлаб беради. Мазкур тоғ-чанғи дам олиш ҳудуди мутлақо янги кўринишда бўлиб, экотуризм тамойилларига кўра барпо этилади. Ушбу лойиҳа табиатни муҳофаза қилиш ҳамда Саудия Арабистонининг 2030 йилгача мўлжалланган тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган ҳаёт даражасини ошириш бўйича мақсадларга тўлиқ мос келади», – дейди лойиҳани тақдим этган Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон.

Қайд этилишича, юқори технологиялардан фойдаланган ҳолда жазирама ва чўл иқлими ҳукмрон минтақада мисли кўрилмаган тоғ-чанғи дам олиш ҳудуди қурилади. Қизил денгизнинг мовий соҳили, пурвиқор тоғлар ва тиллоранг саҳро – бетакрор табиат уйғунлигидаги янги маскан 2026 йилда битказилиши кўзда тутилган. 2030 йилга бориб  TROJENA ҳудудида йилига 700 минг нафарга қадар сайёҳ келиши режалаштирилган. Йирик лойиҳа доирасида 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши ва бир неча йил ичида мамлакат ЯИМга бир неча миллиард даромад қўшилиши кутилмоқда.

Лойиҳага кўра, чанғи трассаларидан ташқари тоғ ёнбағрида «Альп уйлари» ҳам бунёд этилади. Бу борада замонавий меъморчиликнинг илғор усулларига мурожаат этилади.

Саудия Арабистони ҳукумати сўнгги йилларда асосан энергетикага таянган мамлакат иқтисодиётини ислоҳ этиш, илғор технологиялар ҳамда илм-фан ютуқларига асосланган саноат йўналишларини барпо этишга эътибор қаратмоқда. Бу борада «Нигоҳ–2030» дастурий ҳужжати қабул қилинган.

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон 2017 йилда илгари сурган NEOM лойиҳаси ҳам айнан «Нигоҳ–2030»нинг таркибий қисмларидан бири саналади. Мамлакатнинг шимоли-ғарбида барпо этиладиган янги шаҳар технологик ва туристик марказ – саҳро бағридаги мўъжиза бўлиши кутилмоқда. Бу мақсадда Давлат инвестиция жамғармасидан 500 миллиард доллар ажратилиши белгиланган. Келажак шаҳри, интеллектуал марказ деб аталаётган NEOM дунё илм-фанининг сўнгги ютуқларига асосланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг