Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Австралияда вояга етмаганларга ижтимоий тармоқдан фойдаланиш тақиқланиши мумкин

Австралияда вояга етмаганларга ижтимоий тармоқдан фойдаланиш тақиқланиши мумкин

Австралия ҳукумати 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаш учун қонун лойиҳасини ишлаб чиқади.

Мамлакат Бош вазири Энтони Албанесенинг маълум қилишича, агар ушбу ҳужжат қабул қилинса, у келгуси йилдан кучга киради.

«Бу йил Австралия парламентига қонун лойиҳалари киритилади, ҳужжат қабул қилинганидан кейин 12 ой ўтиб кучга киради», – дейди Албанесе.

Австралия ҳукумати ҳозирги кунга қадар турли мамлакатлар томонидан бу борада ўрнатилган тартибларни ўрганиб чиқяпти ва ижтимоий тармоқларда «ўтирган» вояга етмаган болаларнинг ёшини аниқловчи тизимни синаб кўрмоқда.

Албанесе ижтимоий тармоқлардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш болаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига хавф туғдиришини тилга олди. Унинг айтишича, бир қатор давлатлар ижтимоий медиа платформалардан фойдаланишда ёшга доир чекловларни киритиш ҳаракатида.

Қайд этилишича, бунда ота-онасининг розилиги бўлган ёки аллақачон ҳисоби бўлган болалар учун ҳам ҳеч қандай имтиёзлар бўлмайди.

Мамлакат бош вазири, шунингдек, ҳозиргача ҳеч бир давлатда ижтимоий тармоқларда ёш чегарасини қўллаш бўйича ишланмалар йўқ. Австралияда эса худди шундай иккита усул синовдан ўтказилмоқда.

Мамлакат алоқа вазири Мишел Роуландга кўра бу чеклов Meta Platforms (Instagram ва Facebook) Bytedance (TikTok), Alphabet's (GOOGL.O), YouTube ва Илон Маскнинг X ижтимоий тармоғини ўз ичига олади.

Маълумот учун, Франция ўтган йили, гарчи ота-она рухсати билан фойдаланишга рухсат берган бўлсада, 15 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни таклиф қилганди.

Қўшма Штатлар эса узоқ муддатдан буён технологик компанияларидан 13 ёшгача бўлган болаларнинг маълумотларига кириш учун ота-оналарнинг розилигини сўрашни талаб қилиб келади.

Шунингдек, шу каби чекловни Норвегия ҳукумати ҳам таклиф қилган, Россия Думасида эса 14 ёшгача бўлганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш масаласи кўриб чиқиляпти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг