Барак Обаманинг шов-шувли китоби чоп этилди. Унда Ўзбекистонга доир эпизод ҳам бор
АҚШ собиқ президенти Барак Обаманинг «A Promised Land» («Орзудаги замин») деб аталган китоби сотувга чиққан илк кундаёқ 890 минг нусхада сотилди. Бу ноширлик тарихидаги рекорд кўрсаткичлардан бири саналади.
Нафақат Қўшма Штатлар, балки дунё бўйлаб миллионлаб ададда сотилиши кутилаётган мемуарда Ўзбекистон билан боғлиқ эпизод ҳам мавжуд.
Хотира китобида АҚШнинг 44-президенти ўз шахсий ҳаёти, мамлакат сиёсатига доир фикр-мулоҳазалари билан бирга хорижий давлатларга сафарлари таассуротлари билан ҳам ўртоқлашган. Асарда, хусусан, Б.Обаманинг 2009 йили АҚШ президенти сифатида Россияга илк ташрифи билан боғлиқ воқеалар ҳикоя қилинган.
Оқ уй соҳиби Москвага сафар арафасида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ходими Майкл Макфол билан маслаҳатлашган. М.Макфол Россия президенти лавозимида Дмитрий Медведев фаолият юритаётган бўлса-да, сўнгги қарорлар барибир бош вазир Владимир Путин томонидан қабул қилинишини маълум қилган (1999 йилдан бери Россияни идора этиб келаётган В.Путин 2008-2012 йилларда расман ҳукумат раиси лавозимида фаолият юритган). Обаманинг баён этишича, Россия президенти билан Москвадаги учрашувда маслаҳатчи М.Макфолнинг фикри тўғри экани тасдиқланган: Д.Медведев Грузиядаги уруш масаласида мустақил қарор қабул қила олмаслигини ошкор этиб қўйган.
Б.Обама сафар давомида бош вазир Владимир Путин билан ҳам учрашган. АҚШ раҳбари шарафига тўкин дастурхон тузалган.
Мемуарда баён этилишича, В.Путин Қўшма Штатлар Россияни тенг ҳуқуқли ҳамкор деб қабул қилмаётганидан ёзғирган ва 45 дақиқа давомида Кремлнинг Оқ уйга эътирозларини баён этган.
«Мен ўз саволимни тугатишим билан Путин гўё охири йўқ монологни бошлаб юборди. У адолатсизлик бўлиб туюлган барча ҳолатлар... ва америкаликлар томонидан русларга ҳурматсизлик қилинаётганини батафсил санаб ўтди. (2001 йил) 11 сентябрь куни президент (Жорж) Бушга биринчи бўлиб қўнғироқ қилгани ва разведка маълумотларини таклиф этганини эслатди», – деб ёзади Б.Обама.
Россия етакчиси суҳбат асносида АҚШга Ўзбекистон ҳамда Қирғизистонда ҳарбий базаларни жойлаштириш бўйича ҳам ёрдам берганини қайд этган. В.Путинга кўра, Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон раҳбариятини АҚШ ҳарбий базаларини қабул қилишга айнан у кўндирган.
Бу ўринда гап Қашқадарё вилояти ҳудудидаги Қарши–Хонобод ҳарбий базаси ҳақида кетаётганини тушуниш мумкин.
2001 йил 11 сентябрь фожиасидан кейин Афғонистон ҳудудида АҚШ бошчилигида террорга қарши кенг қамровли ҳарбий операциялар бошланди. Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида 2001 йил 7 октябрда имзоланган битимга кўра, Қарши–Хонобод аэродроми вақтинча Пентагон тасарруфига берилди. АҚШ мудофаа кучлари ҳарбий базадан Афғонистондаги операцияни қўллаб-қувватлаш, хусусан, қидирув-қутқарув ва гуманитар операциялар мақсадида фойдаланган.
Шу тариқа «К2» номи билан ҳам машҳур бўлган ҳарбий база 2001-2005 йиллар давомида Пентагон томонидан истифода этилди. 2005 йил июль ойида Ўзбекистон америкаликлар Қарши–Хонобод базасини олти ой давомида тарк этиши лозимлигини расман маълум қилди. 2005 йил 21 ноябрь куни АҚШга тегишли сўнгги самолёт Хонобод аэродромини тарк этди.
Пентагон Қарши–Хонобод базасидан фойдалангани учун 2003 йил январдан 2005 йил мартга қадар муддат учун 22,9 миллион доллар тўлагани хабар қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter