Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Белгия прокуратураси икки исроиллик аскар устидан ХЖСга шикоят юборди

Белгия прокуратураси икки исроиллик аскар устидан ХЖСга шикоят юборди

Белгия прокуратураси шу ой бошида Фаластин тарафдори бўлган Hind Rajab Foundation (HRF) гуруҳидан мамлакатда ҳар йили ўтказиладиган Tomorrowland мусиқий фестивалида иштирок этган икки исроиллик аскар устидан шикоятларини олганини маълум қилди.

Прокуратура маълумотларига кўра, бу жуфтлик ўтган ҳафта «Ғазода халқаро гуманитар қонунларни жиддий бузганлик» айбловлари бўйича полиция томонидан сўроқ қилинган. Чоршанба куни давлат прокурори икки исроиллик аскарга қарши шикоятларни «адолатни юзага чиқариш ва Белгиянинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ» ХЖСга юборишга қарор қилганини айтди.

Исроил расмийлари Белгия прокурорларининг хатти-ҳаракатлари ҳақида очиқчасига изоҳ бермади.

Аввалроқ Исроил ўз кучлари халқаро қонунларга риоя қилишини ва тинч аҳолига зарар етказмасликка ҳаракат қилишини ва ҳар қандай қонунбузарлик ҳақидаги даъволарни текшириб кўришини айтган эди.

HRF гуруҳи аъзолари Ғазода «жиддий халқаро жиноятлар учун жавобгар» бўлган икки исроиллик аскарни Tomorrowland фестивалида аниқлаганликларини даъво қилган, бироқ улар қандай ҳарбий жиноятларда айбланишини ҳамда уларга қарши қандай далиллар борлигини очиқламаган.

Ўз навбатида, Европа яҳудийлар ассоциацияси ўтган ҳафта Белгия ҳукуматини сиёсий сабабларга кўра икки исроиллик устидан шикоят қилгани учун танқид қилди. Ташкилот икки аскарнинг «ўз ватанларини ҳимоя қилиш йўлида» бурчларини бажарганини таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябр ойида Халқаро жиноят суди Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху ва унинг собиқ мудофаа вазири Ёав Галлантни Ғазодаги қарийб 22 ойлик уруш туфайли инсониятга қарши жиноятларда айблаб, ҳибсга олишга ордер берган эди.

Маълумот учун, сешанба куни Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги урушда ҳалок бўлганлар сони 60 мингдан ошганини маълум қилди.

Исроил томони эса уруш бошлангандан бери 900 га яқин аскар ҳалок бўлганини айтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг