Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Буюк Британия Исроилга айрим қуролларни сотишни вақтинча тўхтатади

Буюк Британия Исроилга айрим қуролларни сотишни вақтинча тўхтатади

Фото: The Standard

Буюк Британия Исроилга қурол-аслаҳа сотиш бўйича амалдаги 350 лицензиядан тахминан 30 тасини вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда қироллик ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми парламентдаги чиқишида маълум қилган.

Вазирнинг таъкидлашича, Буюк Британия томонидан Исроилга экспорт қилинган қуроллар халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилишига сабаб бўлаётгани эҳтимоли мавжуд. Шунга айрим қуроллар савдоси вақтинча тўхтатилмоқда.

«Бу каби зиддиятли ҳолатларда Буюк Британиянинг экспорт бўйича лицензияларини қайта кўриб чиқиш ҳукуматнинг юридик мажбуриятидир. Бу қурол-аслаҳа савдоси бўйича умумий тақиқ ёки эмбарго жорий этилишини англатмайди», — деди инглиз ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.

Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён ўтган 332 кун ичида 40786 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 94224 нафари жароҳатланди. Тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар сони ошиб бораётган бир пайтда инглиз сиёсий доираларида ва жамоатчилик орасида хунрезликка чек қўйиш талаби баландроқ овозда янграмоқда.

Аввалроқ Human Rights Watch, Amnesty International, Campaign Against Arms Trade, War on Want каби дунёнинг етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Лондон ҳукуматидан Исроилга қурол сотишни тўхтатишни талаб қилган эди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Исроил ҳарбийлари жорий йил  7 октябрдан буён Ғазода давом этаётган уруш давомида тиббий муассасалар, тураржойлар, мактаблар, қочқинлар бошпаналари, сув ва электр таъминоти тизимига ноқонуний ҳамлалар уюштирди. Исроил бомбардимонларида минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди, 1,9 миллиондан зиёд фаластинлик бошпанасини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

Campaign Against Arms Trade маълумотларига қараганда, 2015 йил май ойидан буён Буюк Британия Исроилга 472 миллион фунт стерлинглик (593 миллион доллар) қурол-яроғ, шунингдек, жанговар учоқ, ракета ва танклар учун эҳтиёт қисмлар етказиб берган. Жумладан, айни пайтда Ғазога бомба ёғдираётган F-35 қирувчи самолётларининг 15 фоиз эҳтиёт қисмини Исроил инглизлардан олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг