Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқаро ташкилотлар Буюк Британияга Исроил борасида талаб қўйди

Халқаро ташкилотлар Буюк Британияга Исроил борасида талаб қўйди

Икки ойдан буён Британия бўйлаб Ғазода қирғинни тўхтатишга қаратилган оммавий намойишлар ўтказилмоқда.

Фото: AP

Дунёнинг етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Буюк Британиядан Исроилга қурол сотишни тўхтатишни талаб қилди. Human Rights Watch, Amnesty International, Campaign Against Arms Trade ва War on Want ташкилотлари масъуллари томонидан имзоланган мурожаатда Лондон Тель-Авивга тақдим этаётган ҳарбий техника халқаро ҳуқуқ меъёрларининг қўпол равишда бузилишига хизмат қилиши мумкинлиги таъкидланган.  

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Исроил ҳарбийлари жорий йил  7 октябрдан буён Ғазода давом этаётган уруш давомида тиббий муассасалар, тураржойлар, мактаблар, қочқинлар бошпаналари, сув ва электр таъминоти тизимига ноқонуний ҳамлалар уюштирди. Исроил бомбардимонларида минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди, 1,9 миллиондан зиёд фаластинлик бошпанасини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

«Исроилга етказиб берилган қурол-яроғ ва ҳарбий техника халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилишига, жумладан, ҳарбий жиноятларга хизмат қилиши эҳтимоли жуда катта. Шунга мувофиқ Буюк Британия ҳукумати (Исроилга) ҳарбий техника ва технологиялар етказишга доир амалдаги лицензияларни бекор қилиши ва янги лицензиялар беришни тўхтатиши керак. Чунки Исроил мудофаа армияси (Ғазода) кўп сонли жиддий қонунбузарликлар, жумладан, ҳарбий жиноятларни содир этмоқда», – дейилади талабномада.

Инглиз қонунчилигида халқаро ҳуқуқ поймол этилиши эҳтимоли мавжуд бўлган вазиятларда Лондоннинг қурол-аслаҳа сотиш учун рухсатнома беришни тақиқлаши белгиланган.

«Ушбу талабнинг бажарилмаслиги оқибатида Буюк Британия ҳукумати миллий қонунчилик ва халқаро мажбуриятларини бузиши ва жиддий қонунбузарликларга шерик бўлиши мумкин», – деб огоҳлантиради халқаро ташкилотлар.

Campaign Against Arms Trade маълумотларига қараганда, 2015 йил май ойидан буён Буюк Британия Исроилга 472 миллион фунт стерлинглик (593 миллион доллар) қурол-яроғ, шунингдек, жанговар учоқ, ракета ва танклар учун эҳтиёт қисмлар етказиб берган. Жумладан, айни пайтда Ғазога бомба ёғдираётган F-35 қирувчи самолётларининг 15 фоиз эҳтиёт қисмини Исроил инглизлардан олади.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 10 ва 11 октябрь кунлари Исроил армияси Ғазо сектори ҳамда Ливан ҳудудига оқ фосфор бомбасини ташлаган эди. Дунёдаги аҳоли энг зич яшайдиган минтақада оқ фосфор қўлланиши халқаро гуманитар ҳуқуққа зид экани боис кескин танқидга учраганди.

Халқаро ташкилотлар Лондон маъмурияти эътиборини яна бир карра ушбу фактга қаратган.

Маълумки, Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси икки ойдан буён сув, озиқ-овқат, электр энергия, ёнилғи ва тиббий хизматдан маҳрум ҳолда жон сақламоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қамалдаги ҳудудда юқумли касалликлар янада кенг тарқалишидан огоҳлантирган.

Етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари юз минглаб аҳолини бу тариқа оммавий жазолаш ҳарбий жиноят эканини урғулаган.

Аввалроқ Human Rights Watch АҚШ ва Европа мамлакатлари Фаластин–Исроил зиддияти борасида иккиюзламачилик қилаётгани ҳақида баёнот берган эди.

Тўрт ташкилот номидан йўлланган талабномада ҳам Лондонга халқаро ҳуқуқ ижросига доир мажбуриятлари қайта-қайта эслатилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Исроил Ғазога бостириб кирганидан буён 18600 дан зиёд киши ҳалок бўлди, 50500 дан зиёд фаластинлик жароҳатланди.

Буюк Британия АҚШ каби анъанавий равишда Исроилнинг яқин иттифоқчиси бўлиб келган. Ғазода тинч аҳоли вакиллари ўлими ошиб бораётган бир вақтда инглиз сиёсий доираларида ва жамоатчилик орасида хунрезликка чек қўйиш талаби баландроқ овозда янграмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг