Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Cадир Жапаров акаси олтин ўмаргани ҳақидаги овозага муносабат билдирди

Cадир Жапаров акаси олтин ўмаргани ҳақидаги овозага муносабат билдирди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров акаси Собир Жапаров мамлакатдан олтин ёмбилари олиб чиқиб кетгани ҳақидаги айбловга муносабат билдирди. 

Қирғизистон раҳбари «Кабар» агентлигига берган интервьюсида таъкидлашича, давлат тасарруфидаги олтин конларида кучли назорат ўрнатилган.

«Миллий банк ёки “Қирғизолтин” корхонасига келгунга қадар ҳар бир грамм олтин ва кумуш онлайн режимида назорат қилинади. Юзлаб, балки минглаб кўзлар кузатиб туради. Кейин жаҳон бозорига савдога чиқарилади. Олтин қазиб олувчи компаниялар даромад қилади ва ушбу маблағ келгусида олтин қазиб олиш учун ишлатилади», – дейди Садир Жапаров.  

Қирғизистонда 132 та олтин кони бўлиб, ундан 17 тасида давлат улуши бор.

«Бирор бир давлат хизматчиси заррача олтин ўғирлаш имконига эга эмас. Қолган юздан зиёд конлар хусусий саналади. Бу анча аввал хусусий мулкка берилган лицензиялардир. Олтинни Миллий банк ёки “Қирғизолтин” орқали эмас, балки тўғридан-тўғри сотишга уринган айрим кон эгалари қўлга олинди. Бундан кўзланган ғараз бож ва солиқ тўловларидан бош тортиш», – дейди Қирғизистон раҳбари.

Маълумот ўрнида, ўтган ҳафта қирғиззабон ижтимоий тармоқда олтин ёмбиларига ўхшаш модда акс этган видео тарқалди. Лавҳадаги овоз эгаси эркакка «шеф» ва «Сабир ава» деб мурожаат қилар экан, ёмбилар жўнатишга тайёр эканини айтади.

Ушбу видео тарқалиши ортидан тармоқларда Қирғизистон президентининг акаси Собир Жапаров мамлакат тиллаларини хорижга олиб чиқиб кетаётгани ҳақида айблов янгради. 2022 йилда президентнинг акаси қуйма олтин бўлагини ушлаб тургани акс этган сурат ҳам тарқалган эди. Янги видеолавҳа давлат раҳбари акаси теграсидаги шубҳа-гумонларни янада кучайтирган.

Журналист Болот Темировнинг аниқлашича, видеолавҳадаги қутиларда  IKU ва IATA қисқартмалари ҳамда 02.07.23 санаси ёзилган. IKU ва IATA Қирғизистондаги Томчи ва Кипрдаги Ларнака аэропортларининг кодидир.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати видеолавҳани фейк деб атаган. Мамлакат махсус хизматига кўра, видеолавҳа ҳукуматни обрўсизлантириш мақсадида бузғунчи кучлар томонидан тайёрланган.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг