Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Cаудия Исроил–Фаластин тинчлик музокараларини бошлашга чақирди

Cаудия Исроил–Фаластин тинчлик музокараларини бошлашга чақирди

Саудия Арабистони подшоҳи, Икки муқаддас масжид ходими Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд раислигидаги Вазирлар маҳкамаси йиғилишида Фаластиндаги вазиятга эътибор қаратилди.

Кейинги вақтларда Фаластинда тинч аҳоли вакилларининг қурбон бўлиши кўп кузатилмоқда. Аввалроқ Фаластин бош вазири Муҳаммад Иштийя 2022 йил давомида Исроил кучлари томонидан 220 нафар фаластинлик ўлдирилганини маълум қилган эди.

SPA агентлиги хабарига кўра, Cаудия ҳукумати Исроил ҳамда Фаластин ўртасидаги тинчлик музокараларини қайта бошлаш лозимлигини таъкидлагани ҳолда,  халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг ҳужумларини тўхтатиш, оккупацияга барҳам бериш ва фаластинликларни ҳимоя  қилишда фаоллик кўрсатишга даъват қилган.  

Яқинда Даниянинг ўта ўнг қанот экстремистик партияси раҳбари Расмус Палудан аввал Стокҳолм, сўнг Копенҳаген шаҳрида мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қуръон нусхасини ёқиб юборди.

Аввалроқ экстремистнинг бу қилмишини Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги қатъий равишда қоралаб, мулоқот, бағрикенглик, тотувлик каби қадриятларни муҳофаза этишда собит эканини эълон қилган эди.

Саудия Вазирлар маҳкамаси йиғилишида ҳам Европа мамлакатлари пойтахтларида Қуръони каримнинг ёқилиши кескин танқид қилинган. Расмий Риёзга кўра, номақбул акциялар ўтказилган мамлакатлар ҳукуматлари дунёдаги миллионлаб мусулмонларнинг эътиқодига ҳурматсизлик қилинаётгандан огоҳ бўлмоғи лозим.

Маълумот ўрнида, Саудия Арабистони ҳукуматининг ушбу йиғилишида Ўзбекистон энергетика ва олий таълим вазирликлари билан ҳамкорликка доир битимлар ҳам тасдиқланган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг