Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Чехия Кобулдаги элчихонасини ёпади

Чехия Кобулдаги элчихонасини ёпади

Чехия Кобулдаги элчихонасини 2022 йил якунига қадар ёпади. Чунки яқин орада мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ вазият яхшиланиши кутилмаяпти. Бу ҳақда Tolonews мамлакатнинг маҳаллий ОАВларига таяниб хабар бермоқда.

Чехия Кобулдаги элчихонасини 2007 йилда очган бўлиб, 2021 йилнинг август ойида ўз элчихонасини вақтинча ёпган. Толибон пойтахт Кобулни эгаллаганидан сўнг, Чехия ўз ходимларини эвакуация қилишга мажбур бўлган эди.

Ислом Амирлигининг Доҳадаги идорасининг раҳбари Суҳайл Шоҳиннинг айтишича, мамлакатда хавфсизлик аввалгидан яхшироқ.

«Чехиянинг Афғонистонда хавфсизлик йўқ, деган сўзлари ҳеч қандай асосга эга эмас. Ислом Амирлиги ҳокимият тепасига келгач, бутун мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлади», деди у.

Хабарларга кўра, Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский шундай қарор қабул қилган.

Айрим собиқ афғон дипломатлари Чехиянинг Кобулдаги элчихонасининг ёпилиши Афғонистоннинг халқаро ҳамжамият билан муносабатларига салбий таъсир қилади, деб ҳисобламоқда.

«Толибон дунё ишончини қозона олмади ва дунё талабларини қабул қилолмади», – дейди собиқ дипломат Азиз Маариж.

Ҳозирда Афғонистонда 10 дан ортиқ давлатнинг элчихоналари мавжуд.

Ислом Амирлиги дипломатлари Россия, Ўзбекистон, Хитой, Эрон ва Покистонда қабул қилинмоқда. Ваҳоланки, ҳали дунёнинг ҳеч бир давлати Ислом Амирлигини тан олмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг