Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Энг жозибали прокурор» энди президентликка даъвогар

«Энг жозибали прокурор» энди президентликка даъвогар

Камала Ҳаррис.

2020 йил 3 ноябрда АҚШда 45-президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 1842 йилдан буён амал қилиб келаётган АҚШдаги президент праймеризига кўра ҳар икки партия ҳам ўзининг штатлар даражасида ўтадиган бирламчи ички сайловларида ягона номзодни танлаб олиши керак. Кейин ушбу номзодни ўз партиясидан АҚШ президентлигига илгари суради ва шундан сўнггина Оқ уй етакчилигига қақшатқич кураш бошлади.


Президентлик пойгаси. АҚШда катта жанг бошланди


Президент праймеризига 2020 йил февралда старт берилади ва 13-16 июлда эса қурултойда партия ўз етакчиларини белгилаб олади. Унгача демократ номзодлар ўртасида ким энг кучли эканлигини кўрсатиш учун сиёсий чиқишлар давом этади.

Республикачилар эса 24-27 августда Шимолий Каролина штатининг Шарлотт шаҳрида ўз қурултойини ўтказади. Бироқ президент Дональд Трамп инаугурациядан кейин иккинчи муддатга ҳам номзодини илгари суришини билдиргач, республикачилар айнан унга катта ишонч билдирмоқда ва партия ичида ички кураш юз бермайди.

Ҳозир демократлар орасида сенатор Эми Клобушар (Миннесота штати), сенатор Элизабет Уоррен (Массачусетс штати), Талси Габбард (Гавайи штати), Берни Сандерс (Вермонтдан), сенатор Кори Букер (Нью-Жерсидан), техаслик собиқ конгрессмен Бето О’Рурка, сенатор Кристен Жиллибранд (Нью-Йорк), собиқ шаҳар тараққиёти вазири Хулиан Кастро билан бир қаторда 21 январда Калифорния штатидан сенатор Камала Ҳаррис хоним ҳам ўз номзодини илгари сурди.

Камала Ҳаррис. Фото: «Dallas Weekly»

Камала Деви Ҳаррис 1964 йил 20 октябрда Окленд шаҳрида таваллуд топган. Онаси ҳиндистонлик илмий ходим, саратон хасталиклари бўйича мутахассис Шамала Гопалан, отаси ямайкалик иқтисодиёт профессори Дональд Ҳаррис бўлишган. Камала 7 ёшлигида улар ажрашиб кетишди. Санскритдан таржима қилганда «камала» нилуфар деган маънони беради. 

Онасининг катта ёрдами ва ўз тиришқоқлиги билан Камала Говард ва Калифорния университетларини ҳуқуқ йўналиши бўйича тамомлади. Докторлик илмий даражасига эга бўлди.

1990 йилларда Аламида округида прокурор ўринбосари, 2004-2011 йилларда Сан-Франциско округ прокурори, 2011-2017 йилларда Калифорния бош прокурори, 2017 йил 3 январдан буён Калифорния штатида сенатор бўлиб ишлади.

Шахсий ҳаётидан кўра хизматга кўпроқ эътибор қаратди. Фақат 50 ёшга чиқибгина ўз ҳамкасби Дуглас Эмхоффга турмушга чиқди. Унинг фарзанди йўқ, бироқ турмуш ўртоғининг биринчи никоҳидан туғилган иккита болага она мақомида.

Таржимаи ҳоли унинг бир текисда юксалиб борганини ва тартибли аёл эканлигини тасдиқлайди. У ўзининг ўткир қарашлари, қатъий позицияси, муросасиз чиқишлари билан республикачилар – филлар учун жиддий рақиб ҳисобланади.

У ўз шахсий ютуқларини биринчи сўзи билан бойитишни яхши кўради. Масалан, Калифорниянинг биринчи қора танли бош прокурори бўлган. Ушбу штатнинг илк қора танли сенатори ҳамдир. У АҚШдаги олий лавозимга номзод қилиб кўрсатилган африка ва осиё қони умумлашиб кетган илк аёл ҳамдир. Агар президент этиб сайланса, бу борада яна биринчи бўлади.

Фото: «NewsIn.Asia»

Журналистлар ундан ўзи қора танли бўла туриб, нима учун оқ танли эркакка турмушга чиққанини сўрашганида шундай жавоб берган эди. «Эшитинг, мен ўз турмуш ўртоғимни севаман. У мен оила қуришни истаган ягона эркакдир. Чунки мен уни яхши кўраман ва у ҳам мени қаттиқ севади».

Унинг қора танли эканлиги бўйича камситишга ўхшаш айрим фикрларга ҳам жавоби аниқ: «Ўйлайманки, улар «қора одам» нима эканлигини тушуна олишмайди. Мен ўз вақтимни «қоралар» қандай одамлар эканлиги ҳақидаги маърифат соатларига бағишламоқчи эмасман. Мен шундайман ва «қора танли» эканлигимдан фахрланаман. Шундай бўлиб туғилганман ва шундайлигимча ўламан».

АҚШ жамияти учун жангчилар керак

У ўз расмий кампаниясини 27 январда ўзи туғилган Окленд шаҳридан бошлади. Унинг дастурлари марказида ижтимоий тенглик, жиноий адлия ва миграция ислоҳотларини ўтказиш туради. Соғлиқни сақлаш, таълим ва солиқ сиёсатига жиддий ўзгартиришлар киритиш ниятида.

«Мен маҳаллий ҳокимият органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаб, ноёб тажриба орттирдим. Америка жамияти учун жангчи керак. Ва мен буни қилишга тайёрман», дейди Камала хоним.

Полиция ходимларининг барча хатти-ҳаракатларини қайд этиб бориш учун уларни видеокамера билан таъминлаш тарафдори. Оғир бўлмаган жиноятларни жиноят кодексидан чиқариш, кичик жиноят содир қилганларни ишга жойлаштириш бўйича дастурларни қўллашни таклиф қилмоқда.

Аёллар репродуктив ҳуқуқлари учун курашмоқда. Минг афсуски, Америка жамияти учун аллақачон урфга кирган ва қайсидир маънода сиёсий дивидендлар келтирувчи бир жинсли никоҳлар учун ҳам кураш олиб бормоқда.

Унинг штаби Ҳаррисдан кучли прокурор-аёл қиёфасини яратмоқчи. Қонуннинг устуворлигини таъминлашга куч берар экан, Доналд Трамп ва унинг маъмуриятини қонунларга риоя қилмаётганликда айбламоқда.

«FiveThirtyEight» интернет портали Ҳаррисни 2020 йилдаги сайловларда энг кучли номзодлардан бири, деб эълон қилди: «Обамадан кейин демократик партия хотин-қизлар партиясига айланиб бормоқда ва ижтимоий адолат тарафдори бўлмоқда. Ҳарриснинг сиёсий қарашлари ва таржимаи ҳоли мазкур партия илгари сураётган ғояларга тўлиқ ҳамоҳангдир».

Ёшлар, хотин-қизлар ва миллий озчилик (афроамерикалик, лотинамерикалик, осиёликлар) вакиллари сайловларда у учун овоз беришига ишонмоқда.

У Оқ уйнинг собиқ раҳбари Барак Обама билан 2007 йилдан буён сиёсий иттифоқчидир. Чунки ўша пайтларда мазкур штатдан кўпчилик демократлар элитаси Ҳиллари Клинтон номзодини ёқлаган бўлса, у Б.Обама тарафида бўлиб қолган.

Фото: «Today Show»

Ўз вақтида президент Барак Обама уни «мамлакатдаги энг жозибали бош прокурор», деб атаган ва 2016 йили Сенатга номзодини қўллаб-қувватлаган эди. Уни баъзан «Барак Обаманинг аёл шакли», деб ҳам аташади.

У АҚШ Сенатининг адлия қўмитаси аъзоси сифатида нотиқлик бобида жуда тобланди. Гарчи Сенатда республикачиларнинг қўли устунлик қилса-да, Трамп янги администрациянинг муҳим лавозимларига кўрсатган номзодларни тайинлаш чоғида жуда қаттиқ саволлар қўйиб, шоширган ҳам шу аёлдир.

Кичик синглиси Майя Ҳаррис эса ўтган президентлик сайлови компаниясида Ҳиллари Клинтон жамоасида ишлади ва ўзлаштирган бой тажрибаси опасига жуда қўл келиши мумкин. Чунки айнан шу синглиси ва турмуш ўртоғи унинг сайлов штатига раҳбарлик қилишмоқда. 

Афроамерикаликлар ҳуқуқлари учун курашчи, Нобель мукофоти совриндори Мартин Лютер Кингни асосий қаҳрамон сифатида билади. Яна бир идеали – 1972 йили демократлар томонидан президентлик сайловида иштирок этувчилар орасида бўлган афроамерикалик Ширли Чизхолм.

Бир кунда 1,5 миллион доллар

У ўз номзодини илгари суришини эълон қилганидан кейин бир кун ичида 1,5 миллион доллар жамғаришга муваффақ бўлди. У ўтказган Окленддаги митингда 20 минг нафар тарафдорлари қатнашди, видео анонсини 6 миллион киши томоша қилди. Ҳозирда у CNNнинг демократик номзодлари рўйхатида етакчилик қилмоқда.

У сайлов олди кампаниясида корпорация ва йирик ҳомийлардан маблағ олмасликка, уларнинг таъсирига тушиб қолмасликка ваъда берди. Бундай ҳолда сайлов кампаниясини молиялаштиришда қийналиб қолиши мумкин. 

Фото: «Iowa Public Radio»

Бир томондан ҳозир демпартиянинг ичида катта ўзгаришларни қилиш, янги йўналишларни белгилаб олиш керак. 2016 йили Ҳиллари Клинтон сайловларда мағлубиятга учрагач, 7,5 миллион аъзога эга партия инқирозга тушиб қолди.

Демократларда ўзгаришлар даври етди. Аммо бу мушкул вазифани қандай қилиб бажариш мумкин, деган савол очиқлигича қолмоқда.

Ҳаррис хоним бу бўйича ўз стратегиясини қатъий илгари сура олса, қудратли партияни ёшартиришга ва янги қон олиб киришга қодир етакчига айланади.

Бироқ бу Д.Трампга қарши тура олишига етарлимикан? Йўқ албатта. Чунки Трамп, гарчи Оқ уйда тартибни ўрната олмаган, аҳоли орасида рейтинги тушиб бораётган бўлса-да, охирги 30 йилда бирорта президент қилмаган ишни икки йилда бажариб қўйди. У 4 миллион янги иш ўрнини яратди, ялпи ички маҳсулот ҳажмини барқарор равишда 3 фоизга ўсишини таъминламоқда.

Фото: «Axios»

Шу сабабли икки йил ичида турли тергов таҳдидлари Трампни судга қадар тортиб кетмаса, хонимга жуда қийин бўлади.

Қолаверса, собиқ вице-президент,76 ёшли демократ Жо Байден жаноблари ҳам ҳали ўз номзодини илгари сурмади. Агар шундай бўлса, Ҳаррис хоним тажрибали сиёсатчининг соясида қолиб келиши мумкин.

У ҳозир кўпроқ амалдаги президент Дональд Трампни айблаб, «очко» жамғариш пайида бўлаяпти. Аммо «президентнинг Россия билан тил бириктирганликда айблайсизми», деб сўралган саволга жавоб беришдан моҳирлик билан қочди. Уа йни пайтда Сенатдаги разведка қўмитаси аъзоси сифатида бу каби мавзуларга жуда эҳтиёткорона ёндашмоқда.

Сиёсий чиркин ўйинлар ҳам аллақачон бошланган. 1996-2004 йилларда Сан-Франциско мэри бўлган 84 ёшли Вилли Браун кутилмаган қизиқ баёнот билан чиқди. У хонимни 20 йилдан ортиқ вақт маъшуқи бўлибгина қолмай, унинг сиёсий мансаб пиллапояларидан кўтарилишига ёрдам берганини айтиб мақтанди. У мэр бўлган даврида хонимни Ишсизлик ҳолатларида суғурталаш бўйича Апелляция кенгаши давлат комиссиясига ва Тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича Калифорния комиссияга тайинлаганини эслатди.

Бу эса хонимнинг обрўсига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қолаверса, унинг ота-онаси четдан келиб қолган иммигрантлар бўлиб, Ҳиндистон ва Ямайкада туғилишган. У Оклендда туғилиб, Канаданинг Монреал шаҳридаги ўрта мактабда таҳсил олган ва АҚШда катта бўлганини доим таъкидлайди.

Аммо у энди ҳақиқатдан ҳам Оклендда туғилганини исбот қилиши керак, деб айтмоқда конспирологлар. Қолаверса, унинг қора танлиларнинг ашаддий ҳимоячиси экани оқ танли сайловчилар томонидан акс қабул қилиниши ҳам мумкин.

Айрим экспертлар эса уни принципсизликда айблаяпти. У ўлим жазосини ҳар доим ахлоқ қоидаларига зид деб ҳисоблашини билдирган. Масалан, 2004 йилда полиция ходимини ўлдиришда айбдор деб топилган йигитнинг қатл этилишига қарши бўлган.

Орадан бир неча йил ўтиб, ўлим жазосини сақлаб қолиш тарафдорлари қаторига ўтди ва судда бу жазо тури конституциявий эканлигини билдирди. У кейинчалик бундай беқарор ҳаракатини прокурорлик фаолияти билан боғлади ва баъзан хизмат мажбуриятлари оддий одам сифатидаги қарашларига мос келмаганини тан олди.

Энг бой штатнинг ҳақиқий вакиласи

АҚШнинг ғарбий қирғоғидаги, 1850 йилда ташкил топган Калифорния штати ҳудуди 424 минг квадрат метр ва пойтахти Сакраменто шаҳридир. Штатнинг 40 миллион аҳолиси бўлиб, бу кўрсаткич бўйича мамлакатда биринчи ўринда туради. 58 та округ ва 480 та шаҳардан иборат.

Тинч океани сувлари қирғоқларини ювиб туради, АҚШнинг Орегон, Невада, Аризона, Мексиканинг Қуйи Калифорния штатлари билан чегарадош. 2,2 триллион ялпи ички маҳсулоти ҳажми билан АҚШда етакчи.

Калифорния. Сан-Диего. Фото: «Pac Group»

АҚШдаги 79 нафар миллиардер ва 663 минг миллионерлар ушбу штатда истиқомат қилади. Штатда асосан оқ танлилар (57 фоиз), лотин америкаликлар (37 фоиз), афроамерикаликлар ва ҳиндулар яшайди.

Ахборот технологиялари соҳасида ишловчи дунёдаги энг йирик компаниялари жойлашган Кремний водийси ҳам шу ерда жойлашган.

Лос Анжелесда 1968 йил 5 июнда сенатор, АҚШ Президентлигига номзод, АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг акаси Роберт Кеннеди отиб ўлдирилган. 

Ушбу штат аксарият ҳолларда демократ номзодларга овоз бериши ҳисобга олинса, унинг ўз штатида ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига ишонса бўлади.    

Л.Ҳасан ўғли

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг