Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эрдўғон Швециянинг НАТОга аъзолиги борасида кескин фикр билдирди

Эрдўғон Швециянинг НАТОга аъзолиги борасида кескин фикр билдирди

Швеция Туркиядан НАТОга аъзолик борасида дастак кутмагани маъқул. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукумат йиғини якуни бўйича телемурожаатда гапирган. Расмий Анқара Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрида Қуръони каримнинг омма кўз ўнгида ёқилиши ва аксилтурк намойишлари ўтказилишидан дарғазаб бўлган.  

«Туркиянинг Стокҳолмдаги элчихонаси қаршисида аҳмоқлик содир этилишига йўл қўйиб берганлар биздан НАТОга аъзолик борасида хайрихоҳлик кутмасинлар. Швеция Туркияни, шунингдек, мусулмонларнинг эътиқодий туйғуларини ҳурмат қилмас экан, НАТОга аъзолик борасида дастагимизни ололмайди», – деди Эрдўғон.

Аввал хабар берганимиздек, Даниянинг ўнг қанот экстремистик партияси раҳбари Расмус Палудан 21 январь куни Стокҳолмда Қуръони карим нусхасини омма олдида намойишкорона ёқди.

Шармандалик акцияси ўтказилишига Швеция маъмурияти расман рухсат берган, ўнг қанот айирмачисининг хавфсизлиги маҳаллий полиция томонидан таъминланган. На халқаро ҳуқуқ, на инсонийлик меъёрларига тўғри келадиган бу хатти-ҳаракат ислом дунёси томонидан кескин қораланган.

Туркия раҳбарига кўра, Швецияда содир этилган нафратга лойиқ хатти-ҳаракат инсон ҳақ-ҳуқуқлари, жумладан, мусулмонлар ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи тараққийпарвар инсониятга нисбатан ҳақоратдир.

«Агар Швеция террорчи ташкилотлар ва ислом душманларига ижобий муносабатда экан, мамлакат ҳимоясини ҳам уларга топширишини маслаҳат берамиз», – деди Туркия етакчиси.

Россиянинг Украинага босқини ортидан Швеция Финляндия билан биргаликда НАТОга аъзо бўлишга ҳаракат қилмоқда. Икки давлатнинг Шимолий альянс «оила»сига киришига барча аъзолар розилик бериши керак. Туркия аъзоликни қўллаб-қувватлаш учун икки давлатга қатор талаблар қўйган. Аммо расмий Анқара Швеция қўйилган талабларни бажариш учун етарлича ишламаётганидан норози.

Туркия «Курдистон ишчи партияси» террорчи ташкилоти фаолиятига чек қўйиш, терроризмда гумонланганларни экстрадиция қилиш ҳамда мудофаа маҳсулотлари экспортига қўйилган чекловларни бекор қилиш каби талабларни илгари сурган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг