Эрдўғон ва Путин учрашуви сўнгги умид сифатида баҳоланмоқда
![Эрдўғон ва Путин учрашуви сўнгги умид сифатида баҳоланмоқда](https://xabar.uz/static/crop/1/4/920__95_1421931169.png)
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Владимир Путин билан дон келишуви бўйича музокаралар ўтказишга умид қилаётганини айтди.
Туркия етакчиси Россия раҳбарини август ойида Туркияда кутаётганини айтган. Томонлар 17 июлда тугайдиган дон шартномасини узайтириш масаласини муҳокама қилишни режалаштиришган.
«Келгуси ойда Путиннинг ташрифини интиқлик билан кутамиз. Агар у келадиган бўлса, биз дон коридори ва Украина можароси мавзусини юз фоиз муҳокама қиламиз. Мен Путиндан Туркиянинг воситачилик ҳаракатлари бўйича ўз позициясини ўзгартиришини кутмайман», – деган Эрдўғон.
Путин ва Эрдўғон ўртасидаги музокаралар дон битими бўйича сўнгги умид деб баҳоланмоқда.
Аввалроқ, жорий йилнинг 5 июль куни Россия президенти матбуот котиби Димитрий Песков чиқиш қилиб, дон келишуви бўйича Россияга тегишли келишувларнинг бир қисми ҳали амалга оширилмаганини, шу боис ҳозирча битимни узайтириш учун асослар йўқлигини айтган эди.
Бундан ташқари, Россия ташқи ишлар вазирлиги Россия ва БМТ меморандуми доирасида ҳеч нарса қилинмаганини таъкидлади. Бу Россия Федерациясининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитларини экспорт қилиш бўйича талабларини бажариш кафолатлари, Россия қишлоқ хўжалиги банкининг SWIFT тизимига қайта уланиши ва бошқа бир қатор масалаларга тегишли.
Маълумот учун, 2022 йил 22 июлда Россия, Туркия, Украина ва БМТ вакиллари томонидан имзоланган Қора денгиз ташаббуси Украинадан дон ва озиқ-овқат маҳсулотларини, шунингдек, Қора денгиз орқали учта портдан, жумладан Одессадан ўғитларни экспорт қилишни назарда тутади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter