Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эрон Россияга «ҳудкуш дрон»лар етказиб берганини тан олди

Эрон Россияга «ҳудкуш дрон»лар етказиб берганини тан олди

Эрон расмийси Россияга «ҳудкуш дрон»ларини етказиб берганини, бироқ бу урушдан аввал содир бўлганини айтди.

«Украинадаги урушдан бир неча ой олдин Эрон Россияга оз сонли учувчисиз учоқларни топширган эди», – дейди Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян Теҳрон Москвага ракета етказиб бермаганини таъкидлар экан.

У, шунингдек, Ғарб давлатларининг Эронни Украинадаги урушда ёрдам бериш учун Россияга ракета ва учувчисиз самолётлар бераётгани ҳақидаги шов-шувларини «мутлақо нотўғри» дейди.

Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян Эрон ҳарбий-сиёсий делегацияси икки ҳафта олдин украиналиклар билан учрашиш учун Европа давлатига борганини ва бу учрашув АҚШ ва Германия босими сабаб ташкил этилмаганини таъкидлаб: «Биз Украина ташқи ишлар вазири билан Россия томонидан Эрон учувчисиз учоқларидан фойдалангани ҳақида бизга далил тақдим этишга келишиб олдик», – дея қўшимча қилган.

Вазирнинг сўзларига кўра, Украина делегацияси сўнгги дақиқада етиб келмаган. Бунга АҚШ ва айрим Европа давлатлари сабаб бўлган.

«АҚШ ва баъзи Европа давлатлари, хусусан Германия Украинага, «биз Россияга учувчисиз учоқлар етказиб берилаётгани сабабли Эронга қарши санкциялар жорий қилмоқчи бўлиб турган бир пайтда, сиз Европада туриб эронликлар билан қаҳвахўрлик қилмоқчимисиз!» дейишди», – дейди Абдуллаҳиян.

Унинг қайд этишича, шундан сўнг украиналик ҳамкасби билан телефон орқали мулоқотда улар Теҳронга Эрон дронларидан фойдаланилгани ҳақидаги далилларни топширишга келишиб олган.

«Агар улар ваъдаларига содиқ қолишса, биз бу масалани яқин кунларда муҳокама қилишимиз мумкин», – деди Эрон ТИВ раҳбари.

У, шунингдек, Эрон томонининг ҳам асл мақсади урушни тугатиш эканига урғу беради.

«Агар Россия Украинадаги урушда Эрон дронларидан фойдалангани аниқланса, биз бу масалага бефарқ қолмаймиз. Украинадаги уруш борасидаги позициямиз урушни тугатиш, томонларни музокарага қайтариш ва қочқинларни уйларига қайтаришдир. Эрон томони президент ва ташқи ишлар вазири даражасида бу борада жуда кўп саъй-ҳаракатларни амалга оширди», – дейди Амир Абдуллаҳиян.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг