Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эрон ва АҚШ музокаралари жума куни Маскатда ўтади

Эрон ва АҚШ музокаралари жума куни Маскатда ўтади

Эрон ва АҚШ ўртасида ядровий дастур бўйича музокаралар жума куни Умон пойтахти Маскат шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Унинг ёзишича, музокаралар маҳаллий вақт билан соат 10:00 атрофида (Тошкент вақти билан соат 11:00да) бошланиши кутилмоқда.

Бундан олдин Axios нашри музокаралар мавзуси ва ўтказилиш жойи бўйича келишмовчиликлар туфайли учрашув бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган эди. Илгарироқ музокаралар Истанбулда бўлиши режалаштирилгани ҳам айтилган. 

Бироқ кейинчалик Axios нашрининг маълум қилишича, бир қатор Яқин Шарқ етакчилари аралашувидан сўнг томонлар музокараларни барибир ўтказишга келишган ва жой сифатида Маскат танланган. АҚШ номидан учрашувда махсус вакил Стив Уиткофф иштирок этиши кутилмоқда. У ҳозирда бошқа халқаро можароларни ҳал этиш жараёнларида ҳам фаол қатнашмоқда.

Оқ уй ҳам музокаралар жума куни Умонда ўтишини тасдиқлади. News Nation телеканали Оқ уйдаги манбага таяниб, учрашув айнан Маскатда бўлишини хабар қилди. Associated Press агентлиги эса АҚШ томони Туркия ўрнига Умонни танлашга араб давлатлари раҳбарларининг Теҳрон позициясини инобатга олиш чақириқлари таъсир қилганини ёзди.

Маълумотларга кўра, Маскат аввал ҳам Эрон ва Ғарб давлатлари ўртасидаги махфий ва очиқ музокаралар учун нейтрал майдон сифатида хизмат қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг