“Европа Иттифоқи эркинлик учун курашмоқда” – Урсула фон дер Ляйен

Дунё бўйлаб беқарорликлар авж олган бир вақтда Европа Иттифоқи бўрон тинишини хотиржам кута олмайди. Бу ҳақда Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен 10 сентябрь куни ЕИнинг ҳолатига доир дастурий маърузасида таъкидлади.
“Европа курашмоқда. Бу кураш қитъанинг яхлитлиги ва тинчлиги учун, эркин ва мустақил Европа учун, бизнинг қадриятларимиз ва демократиямиз учун, эркинлигимиз ва ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқимиз учун кечмоқда. Чалкаштирмайлик, бу бизнинг келажагимиз учун курашдир”, – деди ЕК президенти.
Европа Иттифоқи моҳият эътиборига кўра тинчлик лойиҳаси эканини урғулаган Урсула фон дер Ляйензамонавий дунё хатоларни кечирмаслигини ҳам таъкидлади.
“Европаликлар ҳар куни бошдан кечираётган машаққатларни хаспўшлашга ҳақимиз йўқ. Улар оёқлари остида ер қандай ҳаракат қилаётганинитеран ҳис этмоқдалар. Улар астойдил меҳнат қилсалар-да, бари мураккаблашиб бораётганини сезмоқдалар. Улар дунё инқирозини, ҳаёт кечириш қиймати ошиб бораётганини кўрмоқдалар. Улар шиддатли ўзгаришлар ҳаётлари ва иш фаолиятларига қандай таъсир этаётганини юракдан ўтказмоқдалар”, – деди ЕК раҳбари.
Сиёсий етакчи дунёда империячилик амбициялари авж олган ҳозирги паллада Европанинг мустақиллигини сақлаб қолиш ўта муҳим эканини қайд этди.
“Айни вақтда кучга асосланган янги дунё тартиби учун фронт линиялари чизилмоқда. Шу боис ҳам Европа дунёдаги ўрни учун курашмоғи шарт.Чунки йирик сиёсий кучлар гоҳ яширин, гоҳ очиқ тарзда Европага душманларча муносабат кўрсатмоқда. Дунё империячилик даъволари ва империячилик урушларига шоҳид бўлмоқда. Жаҳонда тобелик шафқатсиз равишда қуролга айлантирилмоқда. Шу каби сабабларга кўра янги Европа шаклланмоғи даркор”, – деди Урсула фон дер Ляйен.
ЕК президенти ўз нутқи мобайнида Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушини адолатли тарзда, мустаҳкам тинчликка таянган ҳолда тугатиш, Ғазодаги ҳалокатли вазиятга, очлик ва ўлимларга барҳам бериш лозимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, ЕИ мудофаа салоҳиятини кучайтириш, рақамли ва яшил технологияларни ривожлантириш, ягона бозорни такомиллаштириш, атроф-муҳит тозалигини муҳофаза этиш, глобал миқёсда қашшоқликка қарши кураш, демократик қадриятлар, сўз ва матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш каби йўналишлардаги вазифаларга ҳам тўхталган.
Нотиқ ўз маърузаси давомида ЕИни бирлик ва якдилликка даъват этар экан, Европа давлатлари пандемия ва ундан кейинги синовли даврда, Украинани қўллаб-қувватлаш, энергетик хавфсизликни таъминлаш, мудофаа салоҳиятини ошириш масалаларида бирдамлик намунасини кўрсата олганини ёдга олган.
Маълумот ўрнида: анъанавий равишда ЕК президенти томонидан сўзланадиган ЕИдаги ҳолатга доир маърузада (State of the European Union) келгуси йил учун устувор йўналишларбелгиланади. Шунингдек, иқтисодиёт ва иқлим масалаларидан тортиб хавфсизлик ва рақамли трансформациягача бўлган энг долзарб муаммолар ёритилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter