Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғазо геноцидида 250 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролиги бўлган шахслар ҳам иштирок этган – Al Jazeera

Ғазо геноцидида 250 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролиги бўлган шахслар ҳам иштирок этган – Al Jazeera

Фото: Getty Images

Ғазодаги уруш фонида Исроил армияси сафида хизмат қилаётган хориж фуқаролари масаласи халқаро миқёсда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Исроил нодавлат ташкилоти Hatzlacha томонидан ОАВга тақдим этилган маълумотларга кўра, Исроил Қуролли кучларида хизмат қилаётган 50 мингдан ортиқ аскар камида яна бир фуқароликка эга.

Маълумотларга кўра, энг катта гуруҳни АҚШ фуқаролари ташкил этади – 12 мингдан ортиқ аскар АҚШ паспортига эга. Шунингдек, Франция, Россия, Украина, Германия, Буюк Британия, Бразилия, Канада ва бошқа давлатлар фуқаролари ҳам хизмат қилаётгани қайд этилган. Ушбу рақамлар 2025 йил март ҳолатига тегишли.

Al Jazeera келтирган рўйхатда, жумладан, Ўзбекистон фуқаролиги бўлган 264 нафар фуқаро ҳам Исроил армияси сафида Ғазога қарши урушга киргани айтилади. Нашрга кўра, улар икки давлат фуқаролигига эга. Шунингдек, яна 5 нафар фуқаро бир нечта (жумладан, Ўзбекистон) давлат фуқароси ҳисобланади.

Шунингдек, МО давлатларидан:

  • Қозоғистон – 189 нафар (икки фуқаролик), 3 нафар (кўп фуқаролик);
  • Қирғизистон – 52 нафар (икки фуқаролик), 3 нафар (кўп фуқаролик);
  • Туркманистон – 31 нафар (икки фуқаролик), 2 нафар (кўп фуқаролик);
  • Тожикистон – 8 нафар (икки фуқаролик) фуқаро Исроил армияси сафида жангларда иштирок этган.

Исроил қонунчилигига кўра, чет элда яшовчи икки фуқаролиги бўлган шахслар учун ҳарбий хизмат мажбурий эмас, кўп ҳолларда бу ихтиёрий қарор ҳисобланади. Айрим ҳуқуқшунослар айнан ихтиёрий хизмат факти жавобгарликни янада кучайтириши мумкинлигини таъкидламоқда.

Халқаро ҳуқуқда ҳарбий жиноятлар учун муддат чеклови қўлланилмайди. Демак, эҳтимолий жиноятлар бўйича жавобгарлик йиллар ўтгач ҳам қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра ҳам низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган мамлакат фуқаросининг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет давлат фуқаролигига мансублиги Ўзбекистон Республикасида тан олинмаслиги ҳам белгилаб қўйилган

Мутахассислар фикрича, амалда жиноят ишини қўзғатиш сиёсий муҳитга боғлиқ. Жамоатчилик фикри ва сиёсий ирода кучайган тақдирда, миллий ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар бундай ишларни бошлашга кўпроқ тайёр бўлади.

Ҳозирча икки фуқароликли аскарлардан бирортаси ҳам Ғазодаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлар учун ҳибсга олингани ёки судлангани ҳақида расмий маълумот йўқ. Бироқ халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бу масалани кун тартибида сақлаб қолмоқда.

Ғазодаги ҳарбий амалиётлар бир қатор халқаро ҳуқуқ ташкилотлари томонидан эҳтимолий ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар сифатида баҳоланмоқда. Шу нуқтаи назардан, икки фуқароликка эга аскарлар ҳам жавобгарликка тортилиши мумкинми, деган савол кун тартибига чиқмоқда.

Қатардаги Ҳамад бин Халифа университети профессори Илиас Бантеканинг таъкидлашича, халқаро ҳуқуқда ҳарбий жиноятлар учун жиноий жавобгарлик фуқароликка боғлиқ эмас. Яъни, шахс икки ёки бир фуқароликка эга бўлишидан қатъи назар, эҳтимолий жиноят учун жавоб беради.

Унинг фикрича, асосий муаммо — гумон қилинган шахсни муайян давлат ҳудудига олиб келиш ва суд олдига чиқаришдир. Амалиётда бу сиёсий ва дипломатик омиллар билан боғлиқ қийинчиликларни келтириб чиқаради.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил декабрда Жанубий Африка Республикаси Халқаро жиноят судига мурожаат қилиб, Исроилни 1948 йилги Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузганликда айблаганди. 2024 йил январда суд вақтинчалик чоралар қўллаш тўғрисида қарор чиқариб, гуманитар ёрдамни тўсмаслик ва эҳтимолий геноцид ҳаракатларининг олдини олишни талаб қилди.

Кейинчалик Исроил Бош вазири Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг