Ғазо учун ташкил этилаётган «Тинчлик кенгаши» раҳбарияти эълон қилинди
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф, Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер, Жаҳон банки раҳбари Аджай Банга ва Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр «Тинчлик кенгаши» раҳбарияти таркибига киритилди. Бу ҳақда 16 январь, жума куни Оқ уй расмий сайтида эълон қилинган баёнотда маълум қилинди.
Ушбу кенгаш Ғазо сектори учун ишлаб чиқилган Трампнинг 20 банддан иборат тинчлик режасини амалга оширишни таъминлаши лозим. Ҳужжатда таъкидланишича, кенгаш стратегик назоратни йўлга қўйиш, халқаро ресурсларни сафарбар этиш ва Ғазони можародан тинчлик ва тараққиётга ўтиш жараёнида ҳисобдорликни таъминлаш вазифасини бажаради. Кенгашга шахсан Доналд Трамп раҳбарлик қилади.
Ғазо масалалари бўйича олий вакил этиб болгариялик дипломат Николай Младенов тайинланди. Унинг асосий вазифаси технократик фаластин маъмурияти билан «Тинчлик кенгаши» ўртасида ҳамкорликни мувофиқлаштиришдан иборат бўлади.
Шунингдек, Олий вакил аппарати ва технократик маъмурият фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ғазо ижроия кенгаши» ҳам тузилди. Унинг таркибига Младеновдан ташқари Стив Уиткофф, Жаред Кушнер, Тони Блэр, Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақон Фидан, БААнинг халқаро ҳамкорлик бўйича давлат вазири Рим ал-Ҳошимий ва бошқалар киритилди.
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль 16 январь куни Берлин «Тинчлик кенгаши» ишида иштирок этишга тайёр эканини билдирди.
«Яқин вақт ичида бу борада аниқ музокаралар бўлиб ўтиши ва эҳтимол, расмий таклиф ҳам юборилиши мумкин», – деди у Австрия ТИВ раҳбари Беата Майнль-Райзингер билан учрашувдан сўнг.
Аввалроқ The Telegraph газетаси «Тинчлик кенгаши» таркибига Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Саудия Арабистони, Қатар, Миср ва Туркия кириши эҳтимоли юқори эканини хабар қилган эди.
Вадефульнинг сўзларига кўра, Ғазо секторида барқарор келажак фақатгина ҲАМАС унда иштирок этмаса мумкин бўлади. Бу ташкилот АҚШ ва Европа Иттифоқида террористик деб тан олинган.
Эслатиб ўтамиз, «Тинчлик кенгаши» тузилгани ҳақидаги хабар 15 нафардан иборат фаластинлик технократик маъмурият яратилиши ҳақидаги баёнотдан кўп ўтмай тарқатилди. Ушбу маъмурият Ғазо секторида кундалик ҳаётни бошқариш учун жавобгар бўлади.
14 январь куни АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Трамп номидан Ғазода оташкесимнинг иккинчи босқичига ўтилганини эълон қилди. Бу босқич ҲАМАСни қуролсизлантириш ва халқаро барқарорлаштирувчи кучларни жойлаштиришни назарда тутади.
Оқ уй маълумотларига кўра, ушбу халқаро кучларга генерал-майор Жаспер Джефферс қўмондонлик қилади. У аввал АҚШ Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) махсус операциялар бўлинмасига раҳбарлик қилган.
ҲАМАСнинг позицияси қандай?
Ўтган декабр ойида ҲАМАС бир қатор шартлар асосида қурол топширишга тайёр эканини маълум қилган. Улардан бири — Исроил қўшинларининг Ғазодан тўлиқ чиқарилиши.
«Биз қуролни оккупация ва тажовуз туфайли ушлаб турибмиз. Агар оккупация тугаса, бу қурол давлат назоратига топширилади», – деган эди ҳаракат етакчиси Халил ал-Ҳайя.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter