Ғазо халқига кўринмас ажал хавф солмоқда – БМТ
Исроилнинг Ғазога ҳужуми оқибатида минтақада очлик даражаси 12 бараварга ортди. Бу ҳақда БМТ расмий вакили Стефан Дюжаррик матбуот анжуманида маълум қилди.
«БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси жанговар ҳаракатлар фаоллашганидан тўрт ой ўтиб, Ғазо секторида озиқ-овқат тақчиллиги кучайгани, соғлиқни сақлаш тизими буткул издан чиққани, тўйиб овқатланмаслик, сув таъминоти, санитария ва гигиена билан боғлиқ номақбул шарт-шароит сабаб беш ёшгача бўлган болалар, шунингдек, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳаёти хавф остида эканидан огоҳлантиради», – дейди БМТ воизи.
Масъул вакил С.Дюжаррик зудлик билан гуманитар кўмак кўрсатилмаса ва даволаш-профилактика чоралари кўрилмаса, вазият буткул ёмонлашишини таъкидлаган.
2023 йил 7 окятбрь куни Исроил армияси ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён 2,3 миллион аҳолининг 85 фоизи тураржойини мажбуран тарк этган. Айни пайтда Фаластин анклавининг деярли бутун аҳолиси кўринмас ажал – очликка рўбарў келган.
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) хулосасига кўра, Ғазо секторидаги 1,1 миллион бола ҳаётига очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар таҳдид солмоқда. Халқаро ташкилот ижрочи директори Кэтрин Рассел Ғазодаги вазиятни болалар учун ёмон туш деб атаган.
17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябрь ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган.
Ҳаагадаги Халқаро суд 26 январь куни қабул қилган қарорга асосан, Исроилга Ғазо секторида геноцид ҳаракатларининг олдини олиш ва гуманитар вазиятни яхшилаш учун барча чораларни кўриш мажбурияти юкланган.
Аммо Фаластин томони Исроил халқаро маҳкама қароридан кейин ҳам гуманитар кўмак келишига тўсқинлик қилаётганини айтмоқда.
CNN репортажида Ғазо секторидаги кўп сонли аҳоли кунлаб тўйиб овқатланмаётгани, одамлар очликдан ўт-ўлан ейишга мажбур бўлаётгани ҳикоя қилинган.
«Исроил бомбардимони оқибатида уйини тарк этиб кўчада яшаётган болалар ўзини йиғидан тўхтата олмаётир, бир бурда нон учун ўзаро муштлашиб ҳам кетишяпти. Исроил зарбасига нишон бўлиши мумкинлигига қарамай, бошқа болалар совуқда егулик қидириб кўчама-кўча кезиб юрибди», – деб хабар беради CNN.
Аввалроқ БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури расмийси ҳам Ғазо секторига оммавий очарчилик яқинлашиб келаётгани ҳақида бонг урган эди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Исроил бомбардимонлари оқибатида Ғазода 27840 фаластинлик ҳалок бўлган, 67317 киши жароҳатланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter