Оммавий очарчилик Ғазо қурбонларини кўпайтириши мумкин – БМТ
БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури расмийси Ғазо секторидаги муҳтожларга ёрдам етказишда ёндашувни ўзгартиришга чақириб, яқин орада секторга оммавий очарчилик хавф солаётганидан огоҳлантирди.
Қайд этилишича, Исроил ўтган йилнинг октябр ойида ҲАМАС қарши ҳужум бошлаганидан бери Ғазо аҳолисининг 85 фоизи кўчирилган ва 2 миллионлик Фаластин анклавининг деярли бутун аҳолиси очликдан азият чекмоқда.
«Ғазода деярли ҳамма ташқаридан келадиган ёрдамга боғланиб қолган. Бироқ озиқ-овқат таъминоти жуда чекланган, кўпчилик очлик ёқасида. Жаҳон озиқ-овқат дастури БМТнинг бошқа агентликлари билан биргаликда яқинда гуманитар ёрдамдан осонроқ ва тезроқ фойдаланишга чақирган эди.
Қўшма баёнотда, Ғазодаги фаластинликларга етарли миқдорда юкларнинг етиб бориши учун кириш йўлларини кенгайтириш ва ҳар куни кўпроқ юк машиналарининг чегара пунктларидан ўтиши кераклиги таъкидланди», – деб ёзади Euronews мухбири Жоржа Орланди.
Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директорининг ўринбосари Карл Скау «вазият ҳақиқатдан ҳам ниҳоятда кескин, ҳатто умидсиз» эканини, қарийб 2,2 миллион киши озиқ-овқат ёрдамига муҳтожлигини билдирган.
«Мамлакат аҳолисининг тўртдан бир қисми – 500 минг киши ҳалокатли вазиятда. Бизнинг ёрдамимиз энг заиф қатламларга етиб боришида умидли ўзгаришлар кузатилмаса, яқин орада ғазоликларга умумий очарчилик хавф солади», – дейди БМТ вакили.
Таъкидланишича, урушдан олдинги давр билан солиштирганда, Ғазога ҳар куни кириб келаётган ёрдам юк машиналари сони 500 дан 30 тагача камайган.
Карл Скау, шунингдек, оммавий очарчилик Ғазода аллақчон 25 минг кишидан ошган уруш қурбонлари сонини ошириши мумкинлигини билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter