Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия афғонларни ватанига депортация қилишга киришди

Германия афғонларни ватанига депортация қилишга киришди

Германия ҳукумати 30 август куни бир гуруҳ афғонларни ўз ватанига қайтарди. Депортация жараёни Афғонистонда ҳокимият тепасига «Толибон» ҳаракати келган 2021 йилдан буён илк бор амалга оширилган.

Германия ҳукумати расмий вакили Штеффен Ҳебештрайт Афғонистонга қайтарилган шахслар «жиноятчилар» экани ва улар «олмон заминида қолишга ҳақли эмас»лигини айтган. 

«Der Spiegel» журнали ёзишича, афғонлар Лейпциг аэропортидан Qatar Airways ширкати самолёти орқали бадарға қилинган. Берлин ҳукумати «Толибон» маъмурияти билан расмий алоқага эга эмаслиги сабаб жараёнга Қатар давлати кўмак берган ва воситачилик қилган.

«Евроньюс» хабарига кўра, Германиядан сургун қилинган дастлабки гуруҳ 28 нафар афғондан иборат. 

Расмийлар депортация жараёнига бир неча ой давомида ҳозирлик кўрилганини маълум қилган. Золинген шаҳрида суриялик муҳожир томонидан уюштирилган ва уч кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳужум жараённи янада тезлаштиргани айтилмоқда. Ушбу ҳужумдан кейин олмон мухолифати ҳукуматдан мигрантларга нисбатан тартиб-қоидани қаттиқлаштиришни талаб қилган. Ички ишлар вазирлиги шубҳали деб топилган  қочқинларни депортация қилиш жараёнини енгиллаштириш ниятида.

«Хавфсизлик омили шахсни ҳимоя қилиш заруратидан устун», демоқда Берлин расмийлари.

Германия адлия вазири Марко Бушман 29 август кунги матбуот анжуманида қайд этишича, ҳукумат Золингендаги ҳужумдан кейин хавфсизликни кучайтириш бўйича чора-тадбирларни маъқуллаган. Жумладан, қурол ишлатган қочқинларни сургун қилишни соддалаштириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Молдова, Қирғизистон, Ўзбекистон, Кения ва Филиппин билан ноқонуний муҳожирларни қайтариш бўйича қўшимча миграция битимлари тузилиши режалаштирилмоқда. 

Жорий йил июнь ойида Германия ҳукумати Ўзбекистон билан мамлакатдан мажбуран чиқариб юбориладиган афғонлар масаласида музокара олиб бораётгани хабар қилинган эди.

Маълум бўлишича, Германия ички ишлар вазирлиги делегацияси Тошкентга музокара учун келган. Расмий Берлин депортация қилиниши лозим бўлган афғонларни аввал Тошкентга юбориб, сўнгра хусусий авиаширкат учоқларида Кобулга жўнатиш ниятини билдирган.

Олмон матбуотига кўра, расмий Тошкент Берлин ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Бунинг эвазига Германиядан Ўзбекистон фуқаролари учун меҳнат муҳожирлигини қулайлаштирувчи битим тузиш талаб қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг