Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия канцлери БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ этишга чақирди

Германия канцлери БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ этишга чақирди

Фото: Reuters

Глобал тартиб-низом хавф остида қолмоқда, бу эса халқаро тузилма ва қоидаларни XXI аср реаллигига мослаштиришни талаб қилади. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шольц Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясидаги маърузасида гапирди.

Айни пайтда Буюк Британия, АҚШ, Франция, Хитой ва Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари саналади. Олаф Шольц БМТ тузилмаси ислоҳ этилиши, жумладан, Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолигига глобал Жануб давлатлари ҳам киритилиши кераклигини таъкидлаган.

«Назаримда, Осиё, Африка ва Жанубий Американинг шиддат билан ривожланаётган минтақа ва мамлакатлари табиий равишда халқаро майдонда янада кучли сиёсий овозга эга бўлмоғи лозим. Бу барчамизнинг манфаатларимизга мос келади. Негаки, бу жамоавий масъулиятни оширади ва қарорларимизнинг кенг миқёсда тан олинишини таъминлайди», – деган О.Шольц.

Канцлер Германия ҳам БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси сифатида халқаро муаммоларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатишга тайёрлигини қайд этган.

Олмон етакчиси юксак минбардан туриб, дунё мамлакатларини мультилатерализм – кўп қутбли, кўп томонлама робиталарга ундаган.

«Миллатчилик ва маҳдудлик билан асримиз муаммоларини ҳал этиб бўлмайди. Кўпроқ ҳамкорлик, кўпроқ шериклик ва кўпроқ фаоллик – энг оқилона йўл шу», дея иқлим ўзгаришларига қарши курашдан тортиб миграцияга қадар – глобал муаммоларга ечим таклиф этган О.Шольц.

Канцлер ўз нутқида Россиянинг Украинага босқинини кескин қоралаган.

«Россиянинг Украинага босқинчилик урушини бирор бир асосда оқлаб бўлмайди. Президент Путин ягона мақсад  – Украинани ишғол этиш мақсадида жанг олиб бормоқда. У (миллатларнинг) ўз тақдирини ўзи белгилаш ва сиёсий мустақиллик (ҳуқуқини) мутлақо ҳисобга олмайди. Бу ҳолатни фақат бир сўз билан ифодалаш мумкин: очиқ империализм! Империячиликнинг қайтиши фақат Европанинг мусибати эмас. Бу, айни чоқда, империализм ва неоколониализмнинг мухолифи саналган дунё тартиботи учун ҳам фожиадир», – деган у.

Сиёсатчининг таъкидлашича, тиш-тирноғига қадар қуролланган, ядро аслаҳасига эга, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзо бўлган Россия чегараларни зўравонлик йўли билан ўзгартиришга уринаётган бир пайтда мутараққий дунё қўл қовуштириб ўтириши ярамайди. Шунга кўра у халқаро ҳамжамиятни БМТнинг низом ва қадриятларини ҳимоя қилишга даъват этган.

Таъкидланишича, Украина эрк учун курашда ғалаба қозониши шарт. Мағлубиятгина Кремлни империячилик даъволаридан воз кечишга мажбур этиши мумкин.

О.Шольц ўз нутқида Шимолий Корея, Сурия, Эрон, Беларусь, Афғонистон, Хитой каби мамлакатларда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганига ҳам эътибор қаратган.

«Халқаро ҳамжамият рўбарў келган долзарб савол қуйидагича: айримлар бизни ўтмишга – уруш сиёсатнинг оддий воситаси саналган,  озод миллатлар кучлироқ қўшниси ёки собиқ хўжайинларига бўйсунадиган, фаровонлик ва инсон ҳуқуқлари кам сонли бахтлиларгагина насиб этадиган глобал тартибга қайтаришга уринаётган паллада бир четда томошабин бўлиб туришимиз керакми? Ёки бир ёқадан бош чиқариб, XXI асрнинг кўпқутбли дунёсини кўп қиррали дунё сифатида сақлаб қола оламизми? Бу саволга германиялик ва европалик сифатида жавобим шундай: биз бунинг уддасидан чиқишимиз шарт!» – дея хулоса қилган О.Шольц.

Эслатиб ўтамиз, Германия канцлери жорий йил март ойида Бундестагда сўзлаган нутқида ҳам Россия қуролли кучларининг Украинага бостириб киришини Европа тарихидаги эврилиш палласи деб атаган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг