Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Гўбеклитепа: қадимги дунё сири

Гўбеклитепа: қадимги дунё сири

Тарихи неолит даврига, қарийб 11 минг йил аввалга бориб тақаладиган Туркия жануби-шарқидаги Гўбеклитепа инсоният томонидан қурилган энг қадимги монументал иншоотлар тўплами ҳисобланади. Ушбу топилмалар инсоният тарихи ва унинг овчилик жамиятидан ўтроқ, деҳқончилик жамиятига ўтиш ҳақидаги тушунчаларини тубдан ўзгартириб юборди. Унинг сирли тимсоллар ва ҳайвон тасвирлари билан ўйилган «Т» шаклидаги маҳобатли устунлари қадимги одамлар жамоаси ва диний ибодат, маросимларининг мураккаблигидан далолат беради.

Колизей археологик боғи маъмурияти Туркия жануби-шарқидаги Шанлиурфа шаҳрида жойлашган дунёдаги энг қадимий ва энг қизиқарли археологик ёдгорликлардан бирини кашф қилиш учун жамоатчиликни саёҳатга чорловчи «Гўбеклитепа: Қутлуғ макон сирлари» номли кўргазманинг очилиши ҳақида эълон берди. Кўргазма 2024 йил 25 октабрдан 2025 йил 2 мартгача Колизейда омма учун очиқ бўлади.

2024 йил 24 октабрда бўлиб ўтган кўргазма очилишида Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири ўринбосари Гўкҳан Язги ва Колизей археологик боғи директори Алфонсина Руссо ушбу халқаро маданий ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.

«Гўбеклитепа ва унга тегишли бўлган кенг Тош тепаликлар инсоният томонидан қурилган илк ёдгорликларни тақдим этади. Бу ҳудуд ўзининг турли тузилмалари билан инсоният тарихидаги энг муҳим ўзгаришлардан бири бўлган ўтроқ ҳаётнинг бошланишига гувоҳдир. Биз инсоният меросининг яна бир ажойиб жойи бўлган машҳур Колизейда минтақанинг ушбу топилмаларини намойиш қилишдан мамнунмиз. Италиялик ҳамкасбларимизга инсониятнинг тарихий меросини тарғиб қилиш ва асраб-авайлаш борасидаги қарашлари ҳамда дастаклари учун чин дилдан миннатдорчилик билдираман», – дейди Туркия Маданият ва туризм вазири ўринбосари Гўкҳан Язги.

Кўргазма ташриф буюрувчиларга ушбу қадимий цивилизация ҳаётини чуқур ўрганиш имконини берувчи бой медиаконтент ва 3D тасвирлари орқали ўзига хос жозибали тажриба ва тасаввур тақдим этади. Кўргазмада Гўбеклитепадан кўплаб асарлар, жумладан, монументал устунлар репродукциялари ва энг сўнгги визуализация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳудуддан топилган доира шаклидаги мажмуаларнинг батафсил реконструкцияси намойиш этилади.

Кўргазмада Колизейга тўғридан-тўғри Туркиядан келган моддий артефактлар билан бир қаторда, маконни турли нуқтаи назардан ўрганиш имконини берувчи видео ва виртуал саёҳатлар каби интерактив контентлар тақдим этилади.

Шунингдек, тадбир доирасида халқаро археология ва санъат тарихи мутахассислари иштирокида турли конференция ва семинарлар ўтказилади.

2018 йилда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Гўбеклитепа дин ва монументал архитектуранинг келиб чиқиши ҳақида ноёб тушунчаларни тақдим этиши орқали бутун дунё археологларини қизиқтириш ва жалб қилишда давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг