Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Human Rights Watch Ғарб давлатларига кескин айб қўйди

Human Rights Watch Ғарб давлатларига кескин айб қўйди

Фото: AP

Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти АҚШ ва Европа мамлакатлари Фаластин–Исроил зиддияти борасида иккиюзламачилик қилаётгани ҳақида баёнот берди.

«Халқаро гуманитар ҳуқуқ истисносиз барча давлатларга татбиқ этилади. Бу қонун-қоидаларнинг биров томонидан бузилиши бошқаларнинг ҳам бузиши учун оқлов бўла олмайди. Тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича халқаро гуманитар ҳуқуқ талаблари барчага тааллуқли: тинч аҳолига қасддан, ёппасига ҳужум қилманг, уларни гаровга олманг, айрим шахсларнинг хатти-ҳаракати учун тинч аҳолини жазоламанг, гуманитар кўмак тарқатилишига тўсқинлик қилманг!» – дейди HRW’нинг дастурлар бўйича раҳбари ўринбосари Том Портеус.

Қайд этилишича, Россиянинг Украинага босқини масаласида Қўшма Штатлар ва Европа мамлакатлари тинч аҳоли ўққа тутилиши, ноқонуний қатллар, аҳолини электр энергия ва сувдан маҳрум этиш, қийноқлар каби халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилишларини ҳақли равишда қоралаб, бунинг учун Россия жавоб бериши кераклигини талаб қилди.

Том Портеусга кўра, 7 октябрь куни ҲАМАС гуруҳи Исроилга ҳужум уюштириб, одамлар ўлимига сабаб бўлгани ва қарийб 200 кишини гаровга олганида ҳам Ғарб давлатлари тезкорлик билан ва адолатли тарзда уни қоралади.

«Аммо Вашингтон ҳамда айримларини истисно қилганда аксар Европа мамлакатлари Исроил 7 октябрдан кейин Ғазода амалга ошираётган ишлардан бехабар гўё. 16 йилдан буён қамалда яшаётган Ғазо сектори аҳолиси жамоавий тарзда жазоланаётгани, бу билан ҳарбий жиноятга қўл урилаётгани нега кескин тарзда қораланмаяпти? Исроил сиёсий етакчилари Ғазодаги тинч аҳоли ва қуролли шахслар ўртасида фарқни рад этиб,  аҳоли зич яшовчи ҳудудни муттасил бомбалаб, даҳа ва мавзеларни култепага айлантирмоқда. Қани бунга эътироз?! Жавобгарлик масаласини қўятурайлик, нега (Ғарб давлатлари) Исроилни Ғазо секторига ҳужум пайти халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилишга очиқ даъват этмаяпти?!» – дея жиддий саволлар қўяди HRW вакили.

Халқаро ташкилот вакили Ғарб давлатларининг очиқ-ошкора иккиюзламачилиги бутун дунёда тинч аҳоли вакилларини ҳимоя қилишга қаратилган умум эътироф этилган меъёрларни ишлаб чиқиш йўлидаги уринишларни йўққа чиқаришидан огоҳлантирган.

Таъкидланишича, агар Ғарб давлатлари ўзлари ҳамиша байроқ қилган инсон ҳуқуқларига чиндан ҳам содиқ бўлса, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий жиноятларига ҳам қарши чиқиши шарт.

ҲАМАСга қарши уруш очган Исроил айни пайтда 2,3 миллион нуфусли Ғазони бутунлай қамалга олган. Ҳудуд аҳолиси сув, озиқ-овқат, электр энергия, дори-дармондан маҳрум қилинган. Мисрнинг Рафаҳ чегара пункти орқали минтақага гуманитар кўмак олиб кириш йўлидаги уринишлар самара берганича йўқ.

БМТ Ғазода гуманитар фалокат юзага келгани ҳақида бонг урмоқда.

Human Rights Watch ҳам Исроилдан ноинсоний қамални тўхтатишни талаб қилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг