Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Илҳом Алиев туркий дунё билан ҳамкорликка устувор ўрин берди

Илҳом Алиев туркий дунё билан ҳамкорликка устувор ўрин берди

Озарбайжон давлати туркий дунё мамлакатлари билан ҳамкорликка устувор аҳамият қаратади. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 14 февраль куни Миллий Мажлисда бўлиб ўтган инаугурация маросимидаги нутқида гапирди.

«Биз бундан кейин ҳам халқаро ташкилотлар билан боғлиқ чора-тадбирларни кўрамиз, биринчи навбатда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз. Очиқ айтмоқчиманки, бу биз учун устувор йўналишдир. Ҳозирда олиб бораётган сиёсатимиз ҳам буни равшан тасдиқлаётган бўлса керак. Бу биз учун асосий халқаро ташкилот. Чунки бизнинг бошқа оиламиз йўқ. Бизнинг оила – туркий дунёдир», – деди Илҳом Алиев.

Озарбайжон етакчиси дунёдаги сиёсий кучларнинг ёлғон ваъдаларини танқид қилар экан, қардош туркий давлатларни эҳтиром билан ёдга олди.

«Агар кимдир биз оиламизни бошқа жойдан қидиришимиз керак деса, унга бизни ҳеч қаерда кутишмаётгани ва буни яшириб ҳам ўтиришмаётганини айтган бўлардим. Аввалги йилларда, хусусан, оккупация даврида улар турли ваъдалар билан бизни жалб этишга уринишди. Аслида эса кўзимизни шамғалат қилмоқчи бўлишди. Бугун эса ниқоблар йиртилиб, қизил чизиқлар очиқ-аён кўринмоқда... Шундай вазиятда бизга қучоқ очмаганларга қуллуқ қилишимиз керакми? Минбаъд бундай бўлмайди!» – деди сиёсатчи.

Озарбайжон етакчисига кўра, бепоён жуғрофий ҳудуд, катта ҳарбий қудрат, йирик иқтисодиёт, бой табиий ресурслар, қулай транспорт йўллари ва улкан демографик салоҳиятга эга туркий дунё давлатлари бир ёқадан бош чиқариб, глобал майдонда муҳим кучга айланиши лозим.

Иккинчи Қорабоғ урушини улкан зафар деб атаган И.Алиев Қорабоғ ва Шарқий Зангезурни тиклаш, иқтисодий ривожлантириш ишлари жадал давом эттирилишини қайд этган.

Сиёсатчи қўшни давлатни ҳудудий даъволарни бас қилиб, тинчлик битими имзолашга ундаган.

«Арманистон ва бу мамлакатни ҳарбий дастаклаётганлар билиб олсинки, бизни ҳеч нима тўхтата олмайди. Агар ҳудудий даъволар бас қилинмаса, Арманистон ўз қонунчилигини тартибга солмаса, тинчлик битими бўлмайди», – деб таъкидлади у.

Тантанали маросимда Илҳом Алиев Озарбайжон президенти сифатида қасамёд қилди.

Маълумот ўрнида, сиёсатчи жорий йил 7 февраль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловида 92,12 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўша куниёқ И.Алиевни сайлов муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг