Исроил БМТ бош котиби билан алоқани узди
Исроил давлати БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан барча алоқаларни узди. Бу ҳақда Исроилнинг БМТдаги элчиси Дэнни Данон маълум қилган.
Бир муддат олдин БМТ Исроилни жинсий зўравонликдан уруш қуроли сифатида фойдаланаётган давлатлар сафига киритган эди. Тел-Авив маъмурияти БМТнинг бу қароридан норози бўлган ва халқаро тузилмани “сиёсийлашган, коррупциялашган тузилма” деб айблаган.
БМТ бош котибининг идораси Исроилнинг бу қарорига қарамай, ташкилот эшиклари яҳудий давлати учун очиқлигини маълум қилган.
Исроил 2023 йил октябр ойида ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кириб, ўн минглаб тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлгани ортидан Тел-Авив ҳукумати ва БМТ ўртасидаги муносабатлар кескинлашди.
Гап шундаки, БМТ ва унинг турли тузилмалари Исроилнинг Ғазо секторидаги тинч аҳолига нисбатан жиноятларини очиқ танқид қилиб келмоқда.
Жумладан, 2025 йил сентябр ойи БМТ халқаро комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.
БМТнинг аёллар масалалари бўйича дастури ҳисоботига қараганда, 2023 йил октябрдан 2025 йил декабрга қадар бўлган муддат ичида Исроил ҳарбийларининг ҳужуми оқибатида ғазолик 38 мингдан зиёд хотин-қизлар ҳалок бўлган.
БМТнинг Фаластинда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачиси Франческа Албанезе Исроилнинг БМТдаги аъзолигини вақтинча тўхтатиш таклифи билан чиққан.
2025 йилда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроил маъмурияти маъқуллаган ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда яҳудийлар учун 3 400 дан зиёд уй барпо этиш режасини кескин қоралаб баёнот берган.
Исроил ҳукумати БМТнинг кескин позициясига жавобан 2024 йилда мамлакат ҳудудида ва Фаластин ерларида БМТнинг фаластинлик қочқинларга кўмак кўрсатиш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) фаолиятини тақиқлаган.
Яҳудий давлати 2024 йилда БМТ бош котиби Антониу Гутерришни “персона нон грата” деб эълон қилган ва унинг мамлакатга киришини ҳам ман этган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter