Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроил масаласида икки йирик мусулмон давлатининг фикри бир жойдан чиқди

Исроил масаласида икки йирик мусулмон давлатининг фикри бир жойдан чиқди

Исроил Ғазодаги қатлиом учун Халқаро жиноий судда жавоб бериши шарт. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Жазоир етакчиси Абдулмажид Теббун иштирокидаги матбуот анжуманида таъкидланди.

Икки йирик мусулмон давлати раҳбарлари Исроилнинг минглаб тинч аҳоли вакили қони тўкилган ҳарбий амалиётини кескин қоралади.

«Биз Исроилнинг жамоавий жазолашга айланган ва уруш жиноятларини ташкил этувчи ҳужумларини асло қабул қилмаймиз. Шифохоналар, ибодатхоналар, мактаблар каби ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиниши керак бўлган масканларни нишонга олиш, одамларни кўчиб кетишга мажбурлаш виждонсизлик ва ваҳшийликдир. Бизнинг устувор вазифамиз Ғазода доимий ўт очишни тўхтатиш ва минтақага гуманитар ёрдамни тўсиқсиз етказилишидир», – деди Эрдўғон.

Жазоир президенти эса Исроил томонидан ишғол остидаги Ғарбий соҳилда амалга оширилаётган террор сиёсати тўхтатилиши кераклигини урғулади.  

Қайд этилишича, Фаластин масаласига адолатли-сиёсий ечим топмай минтақада доимий тинчлик ўрнатиш имконсиз.

«Яқин Шарқ қайнаб турган вулқонга ўхшайди. Ё бу масала (мустақил Фаластин давлати ташкил этилиши – таҳр.) ҳал бўлади, ё зиддият бошқа йўналишга ҳам ёйилади», – деган Абдулмажид Теббун.

«1967 йилги чегаралар бўйича пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлатининг барпо этилиши энди муқаррардир. Биз бу йўналишда қўлимиздан келганини қилишда давом этамиз», – деган икки давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 21 ноябрь куни БРИКС давлатларининг ҳам Яқин Шарқ, хусусан, Ғазодаги вазият юзасидан онлайн саммити бўлиб ўтди. Унда маъруза қилган ЖАР президенти Сирил Рамафоса ҳам Ҳаагадаги Халқаро жиноий судни Тель-Авив содир этган ҳарбий жиноятларни тергов қилишга чақирди. Сиёсатчига кўра, Ғазода тинч аҳоли вакиллари ўлдирилаётгани, аҳоли сув, озиқ-овқат, дори-дармон ва ёнилғидан маҳрум этилгани ҳарбий жиноят ва геноцидга тенгдир.

БРИКС давлатлари фикрича, Ғазо аҳолисини оммавий тарзда жазолаш амалиётига чек қўйиш ва ўт очишни тўхтатиш вақти аллақачон келди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг