Исроил ва ҲАМАС келишуви доирасида Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти очилди
Исроил Ғазо сектори билан Миср ўртасида жойлашган Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктини қайта очди. Бу қарор Исроил ва ҲАМАС ўртасида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви доирасида қабул қилинган.
Маълум қилинишича, назорат-ўтказиш пунктининг очилишига Ғазо ҳудудидан охирги исроиллик гаровга олинган шахснинг жасади қайтарилиши ҳам туртки бўлган.
Айни пайтда Исроил ҳукумати Рафаҳ орқали кунлик ҳаракатни жиддий чеклаган. Ҳозирча назорат-ўтказиш пунктидан бир суткада икки томонлама жами 50 нафар фаластинликка ўтишга рухсат берилади. Шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож яна 50 нафар инсон алоҳида тартибда ўтказилади.
БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда 20 мингга яқин фаластинлик Мисрда тиббий ёрдам олиш истагида. Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги эса фаластинликларни қабул қилиш учун 150 та шифохонани тайёр ҳолатга келтирганини маълум қилди.
Исроил ва Миср расмийлари журналистлар билан суҳбатларда, агар назорат-ўтказиш тизими хавфсиз ва муаммосиз ишласа, келгусида чекловлар юмшатилиши ёки бутунлай бекор қилиниши мумкинлигини истисно этмади. Бироқ бу борада аниқ муддатлар ҳали белгиланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти 2024 йил май ойида Исроил томонидан ёпилган эди. Бу қарор қурол-яроқ контрабандасига қарши кураш зарурати билан изоҳланган. 2025 йил январь ойида, қисқа муддатли сулҳ даврида, ушбу пункт орқали фақат чекланган миқдордаги касал ва яраланган фаластинликларга ўтишга рухсат берилган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter