Исроилни деб беш мамлакат «Евровидение-2026»да қатнашишдан бош тортди
Исроилнинг иштирокига норозилик сифатида, беш мамлакат «Евровидение-2026» танловида қатнашишдан бош тортди, деб хабар берди BBC. Гап Испания, Ирландия, Нидерландия, Исландия ва Словения ҳақида бормоқда.
Бу «Евровидение» танловининг 70 йиллик тарихидаги энг йирик бойкотдир. Кўплаб телеканаллар ўз норозиликларини Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти билан боғламоқда.
Танлов ташкилотчиси — Европа трансляциялар иттифоқи «Евровидение» давлатлар эмас, балки телеканаллар ўртасидаги мусобақа эканини таъкидламоқда. Бироқ ҳозирги вазият сиёсатнинг танловга таъсири ва қуролли можароларга аралашган давлатларнинг иштирок этиш қоидалари ҳақидаги баҳсларни яна жонлантирди.
Баъзи телеканаллар Исроил ва Украинанинг иштироки сиёсий мотивацияланган овоз беришга олиб келади деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, бу танловнинг бетарафлик тамойилига путур етказади.
Ирландия 2025 йил декабрида «Евровидение-2026» танловида иштирок этмаслик тўғрисида қарор қабул чиқарганди.
2025 йил май ойида Испания бош вазири Педро Санчес Исроилнинг «Евровидение» мусиқа танловига қўйилиши ташкилотчиларнинг икки ёқлама стандартларини кўрсатишини таъкидлаганди.
Маълумот учун: бугун, 12 май санасида Австрия пойтахти Венада «Евровидение» 70-танловига старт берилади. Унда 35 мамлакат қатнашади — бу 2004 йилдан бери энг паст кўрсаткич.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter