Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жанубий Корея разведкаси: Ким Чен Ин ўта хатарли амалиётга ҳозирлик кўрмоқда

Жанубий Корея разведкаси: Ким Чен Ин ўта хатарли амалиётга ҳозирлик кўрмоқда

«Хвасон-17» ракетаси cиновига шахсан Ким Чен Ин бошчилик қилган.

Фото: KCNA/Reuters

Жанубий Корея разведкаси Шимолий Корея раҳбарияти синов тариқасида ядро портлашини амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқда деб ҳисоблайди.

Yonhap ахборот агентлигига кўра, Шимолий Кореядаги Пунгери ядро полигони туннелларини тезкор тартибда тиклаш ишлари кетмоқда. Туннель бир ой ичида тайёр бўлиши кутилмоқда. Мазкур ҳарбий полигондаги туннеллар 2018 йилда расман ёпилган эди.

Жанубий Корея экспертларининг фикрича, Пхеньян Корея халқ армияси ташкил топган кунга қадар (25 апрель) ёки ушбу санадан кейин ядро синовини ўтказиши мумкин.

Ким Чен Ин маъмурияти ядро синовини амалга ошириши борасидаги хавотирлар узоқ масофага учувчи ракета парвозидан кейин кучайди. 24 март куни 15 минг километрга қадар етиб борувчи «Хвасон-17» ракетаси 71 дақиқали парвоздан кейин Япон денгизига қулади. Қитъалараро баллистик ракета синови муносабати билан Пхеньян тарқатган видео баҳси мунозараларга сабаб бўлди. Пропаганда руҳидаги лавҳада чарм куртка кийган, қора кўзойнак таққан Ким Чен Ин генераллар қуршовида ажал қуроли синовига бошчилик қилаётгани акс этган. Дунё матбуоти бу видеолавҳани Ҳолливуд услубидаги кадрлар деб атади.

Қитъалараро ракета синови ортидан АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашида Шимолий Кореяга қарши санкцияларни кучайтиришни таклиф этди. Вашингтон таклифи Франция ва Буюк Британия томонидан қўллаб-қувватланган бўлса, одатдагидек, Россия ва Хитой қаршилигига учради.

Япония эса Шимолий Кореянинг янги ракетасини миллий хавфсизлик ҳамда халқаро тартибга таҳдид деб атади, баллистик ракеталар АҚШга қадар етиб бориши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Кунчиқар ўлка бош вазири Фумио Кисида Брюсселда ўтган «Катта еттилик» саммитида қўшни ўлканинг ракета синовини соғлом ақлдан йироқ хатти-ҳаракат ўлароқ қоралади ва ҳамкор давлатларни бефарқ бўлмасликка чақирди. Токио бу масалада кескин баёнот бераётгани бежиз эмас. Чунки «Хвасон-17» ракетаси Япония чегарасидан атиги 170 км масофада портлаган.

Кузатувчиларга кўра, Пхеньяннинг сўнгги қалтис қадамлари ядро тадқиқотлари бўйича мораторий бекор бўлгани ва Ким Чен Ин янги провокацияларга ҳозирлик кўраётганидан далолат бермоқда.

Шимолий Корея 2005 йилда ядро қуроли яратишга ҳаракатлар ҳақида очиқ баёнот берган. 2006 йилда илк ядро портлаши амалга оширилган. 2012 йилда Шимолий Корея конституцияга мамлакатнинг ядро мақомига доир ўзгартириш киритилган. Халқаро ҳамжамиятнинг тақиқ ва эътирозларига қарамай, Ким сулоласи ўлкаси ядро қуролига эга бўлиш йўлидаги синовларни давом эттирмоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг