Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЖАР Исроилни тавбасига таянтирмоқчи

ЖАР Исроилни тавбасига таянтирмоқчи

Исроилга қарши даъвони Малайзия, Туркия, Иордания ва Боливия ҳам расман дастаклаган.

Эртага, 11 январь куни Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноий судда Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши геноцид бўйича даъвоси кўрила бошлайди.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил 29 декабрь куни ЖАР Исроилни Ғазо секторида фаластинликларга нисбатан геноцид жиноятини содир этишда айблаб халқаро маҳкамага мурожаат қилган эди. 

Яҳудий давлати ҳарбийлари 1948 йилда қабул қилинган Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузган ҳолда, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдириш, Фаластин аҳолисининг бир қисмини қасддан қиришда айбланмоқда.

БМТ шафелигидаги маҳкама, аввало, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилиши ва Тель-Авивга нисбатан жазо чоралари қўллаши мумкин. Яъни халқаро суд ҳукми нафақат ҳуқуқий, балки иқтисодий муаммолар ҳам туғдиради. Шу боис Исроил маъмурияти ЖАРнинг сўрови асосида очилган ва бир қатор давлатлар қўллаб-қувватлаётган даъво ишидан хавотирга тушиб қолган.

АҚШнинг Axios нашри хабарига кўра, Исроил ташқи ишлар вазирлиги хорижий мамлакатлардаги элчихоналарига ЖАР илгари сурилган геноцид айбловига қарши баёнотлар беришни буюрган.

ҲАМАСга қарши уруш важидан Ғазони бутунлай вайрон қилган ва тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлаётган давлат ахборот кампанияси орқали халқаро суднинг айблов ҳукмидан қочишга уринаётгани айтилмоқда.

2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода камида 23210 фаластинлик ҳалок бўлган.

Америкалик таниқли ҳуқуқшунос Фрэнсис Бойл ЖАР Исроил геноцид содир этганини тасдиқловчи жиддий далилларга эга деб ҳисоблайди. Ўз даврида Халқаро жиноий судда айнан геноцид бўйича икки даъвода ютиб чиққан ҳуқуқшунос Исроил бу ишда ютқизиши ва айбдор деб топилишини айтади.

Ҳуқуқшуносга кўра, нуфузли маҳкама Исроилни айбдор деб топса, мамлакат БМТ тузилмаларидан четлатилиши ва унга нисбатан иқтисодий санкциялар ҳам жорий этилиши мумкин. Агар Исроилнинг яқин иттифоқчиси АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида одатдагидек Тель-Авивга қарши чораларга тўсқинлик қилса, “Тинчлик йўлида бирлик” резолюциясига мувофиқ БМТ Бош ассамблеяси ташаббусни қўлга олиши мумкин. 1950 йилда қабул қилинган ушбу ҳужжатга биноан, доимий аъзоларнинг қарши овози сабаб Хавфсизлик кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизлик борасидаги мажбуриятларини бажара олмаган тақдирда, Бош ассамблея тегишли чораларни кўриши белгиланган.

Фрэнсис Бойл, шунингдек, БМТ Исроил бўйича собиқ Югославия каби алоҳида трибунал ташкил қилишини ҳам истисно этмаган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроилни халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиш, фаластинликларни оммавий жазолашда айбламоқда. 

2023 йил ноябрь ойида Исроил томонидан Ғазода геноцид жинояти содир этилганини тасдиқловчи далилларни йиққан халқаро адвокатлар гуруҳи бош вазир Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш бўйича сўров йўлламоқчи экани хабар қилинганди.

АҚШ президентлигига номзод, яҳудий миллатига мансуб Жилл Стайн ҳам Исроил бош вазири Ғазода геноцид ва ҳарбий жиноятлар содир этмоқда деган фикрда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг