Кўрфазда АҚШ учун нохуш вазият
Кўрфаз давлатлари мудофаа борасида анъанавий равишда АҚШга суяниб келган.
Яқин Шарқда вазият кескинлашиб бораётган паллада Кўрфаз давлатлари АҚШнинг уларни ҳимоя қилиш салоҳиятига ишончни йўқотди, деб хабар бермоқда Foreign Policy журнали.
28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлагани ортидан Теҳрон қўшни давлатларга жавоб зарбалари бериб келмоқда. Хусусан, БАА, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Кувайт, Иордания каби мамлакатлар Эрон ракета ва дронлари нишонига айланган.
Расмий Теҳрон мазкур давлатлар фуқаровий инфратузилмаларига эмас, балки АҚШнинг ҳарбий база ва объектларига зарба бераётганини айтмоқда.
Foreign Policy нашри ёзишича, Эроннинг ракета зарбалари ортидан Кўрфаз мамлакатлари мудофаа масаласи қанчалик ҳассос эканини тушуниб етган.
“Эроннинг Кўрфаздаги қўшниларини бомбардировка қилиши уларни урушга тортди. Ҳолбуки, улар имкон қадар бундан қочишга уринаётганди”, – деб ёзади нашр.
Қайд этилишича, Саудия Арабистони ва БАА Қўшма Штатларнинг Эронга нисбатан тўқнашув стратегиясини фаол қўллаб-қувватлаган. Аммо реал таҳдид юзага келгач, Кўрфаз давлатлари АҚШ уларни экзистенциал таҳдиддан ҳимоя қила олмаслиги ёки буни истамаслигига ишонч ҳосил қилмоқда. Ҳатто Исроил билан яқин ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабати ҳам наф бермаётир.
Сўнгги ўн йилликлар мобайнида БАА, Қатар ва Саудия Арабистони барқарор, тинч ва бой давлатлар, молиявий марказлар сифатида шуҳрат қозонган эди. Аммо Эрон томонидан берилаётган ракета ва дрон зарбалари бу давлатлар хатардан ҳимояланмаганини исботлади. Reuters агентлиги яқинда чоп этган мақолада ҳам Кўрфаз давлатларининг имижи бир неча кун ичида буткул ўзгаргани ҳикоя қилинади.
Иқтисодиёт бутунлай фалажланиб қолган шароитда, дейлик, дунё молиявий маркази деган мақомга даъво қилиб келган Дубай шаҳри кунига бир неча миллион доллар йўқотмоқда.
Дунё бўйича суюлтирилган табиий газ (СТГ) экспортининг қарийб 20 фоизини таъминлаб келган Қатар эса 4 март куни газни суюлтириш жараёнини тўлиқ тўхтатди.
Минтақа давлатлари ҳам ошкора, ҳам махфий тарзда АҚШни Эрон масаласини музокара йўли билан ҳал этишга ундамоқда.
Таҳлилчиларга кўра, Эрон уруши қандай натижа билан тугашидан қатъи назар, АҚШни иттифоқчи деб билган ва Қўшма Штатлар иқтисодиётига миллиардлаб доллар сармоя киритган Кўрфаз давлатлари истиқболда Вашингтон билан муносабатларни қайта кўриб чиқади.
Аввал хабар берганимиздек, 2025 йил 9 сентябрь куни Исроил халқаро ҳуқуқни бузган ва “қизил чегаралар”ни ҳатлаган ҳолда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига авиаҳужум уюштирган эди. Ушбу ҳодиса ҳам нафақат Қатар, балки бошқа араб монархияларида ҳам “АҚШ ҳарбий соҳада ишончли иттифоқчи эмас” деган нуқтаи назарни мустаҳкамлаган ва ишончсизликни орттирган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter