Кремль Украина ва АҚШ билан янги музокаралар санасини маълум қилди
Кремль Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги навбатдаги уч томонлама музокаралар 17–18 февраль кунлари бўлиб ўтишини маълум қилди. Учрашув Женева шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган. Россия делегациясига президент ёрдамчиси Владимир Мединский раҳбарлик қилади.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам музокаралар келаси ҳафта давом эттирилишини тасдиқлади.
«Янги раунд музокаралар ҳақиқатан ҳам келаси ҳафта бўлиб ўтиши бўйича келишув мавжуд. Жойи ва аниқ саналарини қўшимча равишда маълум қиламиз», – деган Песков.
Аввалроқ Politico нашри манбаларига таяниб, уч томонлама музокаралар келаси ҳафта қайта тикланиши мумкинлигини ёзган эди. Нашр эҳтимолий жой сифатида Абу-Даби ва Майами шаҳарларини тилга олган.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам учрашув 17–18 февраль кунлари ўтиши мумкинлигини билдириб, Майамини эҳтимолий манзиллардан бири сифатида атаган эди. Бироқ бир ҳафта олдин Дмитрий Песков бундай эҳтимолни инкор этган.
«Йўқ, бундай масала муҳокама қилингани йўқ», – деган эди у АҚШда учрашув ўтказиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берар экан.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter