Ливанда пейжерлар портлаши оқибатида ўнга яқин киши ҳалок бўлди. Буни Исроил қилгани айтилмоқда
Ливан Соғлиқни сақлаш вазири Фирас Абяднинг айтишича, бугун бутун мамлакат бўйлаб содир бўлган пейжер портлашлари натижасида 9 киши ҳалок бўлган ва 2750 киши яраланган.
«Алоқа ускунасининг портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 9 кишига етди, 2750 киши жароҳат олди. Ҳозиргача биз алоқа мосламаларининг портлаши натижасида 170 дан 180 гача жиддий жароҳатланиш ҳолатларини қайд этдик», — деди Фирас Абяд (Ал Жазира иқтибоси). Вазирнинг аниқлик киритишича, ярадорларнинг аксарияти қўллари ёки юзлари шикастланган ҳолда ётқизилган.
Биринчи портлашлар маҳаллий вақт билан 15:45 да содир бўлган. Аввалига ўнлаб кишилар жароҳатлангани хабар қилинганди, бироқ бир соат ичида ярадорлар сони минг кишидан ошди. Ҳизбуллоҳ ҳаракатининг билдиришича, ҳаракатнинг икки аъзоси, жумладан, Ливан парламенти депутати Али Аммарнинг ўғли ҳалок бўлган. Жабрланганлар орасида Эроннинг Ливандаги элчиси Можтаба Амани ҳам бор.
Ҳизбуллоҳ воқеада Исроилни айблади. Ал-Жазира нашрининг ёзишича, бир неча ой олдин ҳаракат раҳбари Ҳасан Насруллоҳ жангариларни Исроил алоқаларни тўсиб қўйиш учун қурилмаларга бузиб кириши мумкинлигидан қўрқиб, уларни смартфонлардан фойдаланишни тўхтатишга чақирган.
Шундан сўнг Ҳизбуллоҳ аъзолари оммавий равишда пейжерларга ўтишни бошладилар. Исроил расмийлари эса Ливандаги қатор портлашларга изоҳ бермади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter