Лукашенко Россия элчисидан Беларусни урушга тортмасликни сўради
Беларус Россиянинг Украина билан урушига қўшилиш ниятида эмас. Бу ҳақда Александр Лукашенко Россиянинг Беларусдаги элчиси Борис Гризлов ва Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв билан учрашувда гапирган.
Бу Лукашенконинг илк бор Кремл Борис Гризлов орқали Беларусни можарода фаолроқ иштирок этишга ундаётганини очиқ тан олиши.
«Урушга аралашишнинг кераги йўқ. Борис Вячеславович бизни урушга тортиш жараёнини ташкил қилаяпти, бизни бунга ундаш ҳам керак эмас», — деди Лукашенко Гризловга мурожаат қилиб.
Лукашенко бу масалани бир неча бор Россия президенти Владимир Путин билан муҳокама қилганини ва унга беларусликлар украинларга қарши уришишни истамаслигини айтганини таъкидлади.
Шу билан бирга, у Беларус Россия ҳудудларига, жумладан Москва вилоятига иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Беларус Украинанинг нефтни қайта ишлаш заводларига берган зарбалари ортидан юзага келган тақчиллик фонида Россияга бензин ва бошқа нефт маҳсулотларини етказиб бермоқда.
Нашр собиқ ва амалдаги Россия ҳамда Европа расмийларига таяниб хабар беришича, Москва йил бошидан бери Беларус ҳудудидан Украинага зарба бериш ва НАТО давлатларига қарши гибрид операциялар ўтказиш учун фойдаланишга рухсат сўрамоқда. Манбаларга кўра, бу музокараларни асосан Борис Гризлов олиб бормоқда.
Шунингдек, хабарда айтилишича, Франция президенти Эммануэл Макрон май ойида Лукашенкога қўнғироқ қилиб, уни урушга қўшилмасликка чақирган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter