Москва аэропортида хорижликларни тинтув ва сўроқ қилиш бошланган – ОАВ

Москвага учиб келган чет эл фуқаролари аэропортда узоқ давом этадиган сўроқ ва тинтувлардан ўтишига тўғри келмоқда. Бу ҳақда Россия-Украина уруши бошланишидан олдин Russia Today телеканалида ишлаган британиялик журналист Жонни Тикли хабар берган.
«Домодедово аэропортидан қочинг. Москвага қўнганимдан сўнг ярим соатлик сўроқни қўшиб ҳисоблаганда тўрт соат мобайнида кутишимга тўғри келди. Сентябрда Внукова орқали келганимда ҳеч қандай савол-жавобсиз божхонадан ўтиб кетгандим», деб ёзган Тикли.
Унинг сўзларига кўра, Домодедово аэропортида хорижликлар дуч келаётган худди шундай муаммолар ҳақида Буюк Британия ва АҚШнинг бошқа фуқаролари ҳам хабар беришган.
«Божхоначилар аэропортда телефонимни ҳам титиб чиқишди. Уни Bluetooth орқали бошқа қурилмага улашди ва бир неча дақиқа давом этган текширувлардан сўнг телефоним мутлақо тоза эканига ишонч ҳосил қилишди», дея қўшимча қилган журналист.
2023 йил феврал ойида ҳам ОАВда Украинадаги уруш ёки Россия армияси сафига оммавий сафарбарлик бошлангани вақтда мамлакатдан чиқиб кетган, маълум муддат ўтгач ватанига қайтган россияликлар ҳам худди шундай текширувларга рўбарў бўлаётгани ҳақида хабар берилганди. ФХХ чегара хизмати ходимлари юртига қайтган фуқароларни сўроқ қилиш асносида Россияни тарк этиш сабабларини суриштиришган, бир вақтнинг ўзида телефон галереяси, браузер орқали қайси сайтларга кирилгани ва мессенжерларда ёзишмаларни кўздан кечиришган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter