Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Москвада яна бир генерал отиб кетилди, аҳволи оғир

Москвада яна бир генерал отиб кетилди, аҳволи оғир

Москва шаҳрида Россия Қуролли Кучлари Бош штаби Бош разведка бошқармаси раҳбарининг биринчи ўринбосари, генерал-лейтенант Владимир Алексеевга нисбатан суиқасд содир этилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси хабар берди.

Расмий маълумотларга кўра, номаълум шахс Москва шимоли-ғарбидаги турар жойлардан бири ёнида генералга бир неча бор ўқ узган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Алексеев турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган, унинг аҳволи ҳақида ҳозирча аниқ маълумот берилмаган.

Тергов қўмитаси мазкур ҳолат бўйича «қотилликка суиқасд» ҳамда «қуролни қонунсиз сақлаш» моддалари асосида жиноят иши қўзғатди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар гумонланувчини қидириш ишларини олиб бормоқда.

Суиқасд Россия, Украина ва АҚШ иштирокида Абу-Дабида ўтган музокаралар якунланганидан бир кун ўтиб содир бўлди. Ушбу музокараларда Россия делегациясига Алексеевнинг бевосита раҳбари – адмирал Игорь Костюков бошчилик қилган. Ҳозирча расмий манбалар ушбу воқеа билан музокаралар ўртасида боғлиқлик борлигини тасдиқламаган.

Владимир Алексеев 2011 йилдан бери Бош разведка бошқармаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келади. ОАВ маълумотларига кўра, у Россиянинг Суриядаги ҳарбий операцияси даврида разведка фаолиятини мувофиқлаштирган. 2017 йилда унга «Россия Федерацияси Қаҳрамони» унвони берилган.

2023 йил ёзида Алексеев Евгений Пригожин бошчилигидаги исёнга қарши чиқиб, унинг тарафдорларини қурол ташлашга чақиргани билан ҳам танилган.

Генерал Алексеев Россиянинг хориждаги ҳарбий амалиётларига алоқадорлиги сабабли бир қатор Ғарб давлатлари санкциялари остида қолмоқда. Хусусан, у АҚШ санкцияларига 2016 йилги президентлик сайловларига аралашув бўйича гумонлар туфайли, Европа Иттифоқи санкцияларига эса 2018 йилда Солсберида Скрипаллар заҳарланиши иши ортидан киритилган.

Тергов ишлари давом этмоқда, суиқасднинг сабаблари ва буюртмачилари ҳозирча очиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз,  2024 йилнинг декабрида генерал Кириллов скутерга ўрнатилган портловчи қурилманинг ишга туширилиши ортидан ҳалок бўлган эди. 2025 йилнинг 25 апрелида РФ ҚК Бош штаби Бош оператив бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 59 ёшли генерал-лейтенант Ярослав Москалик автомобиль портлаши оқибатида ҳалок бўлганди. 22 декабрда эса РФ ҚК Бош штаби тезкор тайёргарлик бошқармаси бошлиғи, генерал-лейтенант Фанил Сарваров ўз автомобилида портлатиб юборилди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг