Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

НАТО адмирали Россия билан уруш ҳақида ҳайратланарли баёнот берди

НАТО адмирали Россия билан уруш ҳақида ҳайратланарли баёнот берди

НАТО Ҳарбий қўмитаси раиси адмирал Роб Бауэр.

Шимолий Атлантика альянси (НАТО) аъзоси бўлган давлатлар Россия билан яқин 20 йил ичида бошланиши мумкин бўлган кенг кўламли уруш сценарийлари устида ишламоқда.

The Telegraph нашрининг ёзишича, НАТО давлатлари яқин 20 йил ичида Россия билан жиддий ҳарбий қарама-қаршилик юзага келиши мумкинлигини инкор этишмаяпти. Альянснинг юқори мартабали амалдорларидан бири НАТОга аъзо мамлакатлар фуқаролари эҳтимолий сафарбарликка тайёр туришлари кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Нашрнинг ёзишича, бу ҳақда 18 январь куни ҳозирда НАТО Ҳарбий қўмитаси раиси лавозимини эгаллаб турган голландиялик адмирал Роб Бауэр айтган. Бауэрнинг огоҳлантиришича, ҳарбий кучлар биринчи навбатда шай ҳолатга келтирилсада, тинч аҳоли ҳам «ҳаётларини тубдан ўзгартирадиган урушга» тайёр туриши керак.

Брюсселдаги НАТО мудофаа вазирликлари раҳбарларининг йиғилишидан сўнг, Роб Бауэр матбуот анжуманида журналистларга альянс давлатлари ҳарбий ҳаракатлар содир бўлган тақдирда тинч аҳолини оммавий сафарбар қилиш механизмини ишлаб чиқиши кераклигини айтди.

«Биз тан олишга мажбурмиз, бизнинг тинч ҳаётимиз абадий эмас. Шунинг учун Россия билан юзага келиши мумкин бўлган можарога тайёрланяпмиз», деди Бауэр.

Адмирал Швециянинг ҳаракатларини ижобий баҳолади, у мамлакат расмий равишда альянсга қўшилганидан кейин барча фуқароларини урушга тайёр бўлишга чақирди. Шундан сўнг Швеция фуқаролик мудофааси учун кўнгиллиларни тайёрлашни бошлади.

Келгуси ҳафта 90 000 га яқин НАТО аскарлари Совуқ уруш давридан бери энг катта машғулотларни ўтказадилар, улар Россия томонидан эҳтимолий ҳужумга қарши туриш сценарийлари устида ишлашади. Биргина Буюк Британиянинг ўзи ушбу машғулотларга 20 мингга яқин аскар, танк, артиллерия ва қирувчи самолётларини жўнатади.

НАТОнинг иттифоқ мамлакатлари ҳукуматлари ва хусусий қурол ишлаб чиқарувчилар эҳтимолий можарога яхши тайёр эмаслигидан хавотирда. Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилиши натижасида қурол ва ўқ-дорилар заҳиралари сезиларли даражада камайган ва ҳозирги ишлаб чиқариш даражасида уларни тўлдириш учун йиллар керак бўлади. Шу билан бирга, Россия ўз бюджетидаги ҳарбий харажатлар улушини 40 фоизга оширди ва қурол ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширди.

«Биз барча жабҳада (урушга) тайёр бўлишимиз керак. Агар уруш содир бўлса — бу содир бўладими ёки йўқми, ундан қатъи назар, бизга кўпроқ одамларни ҳаракатга келтириш имконини берадиган тизим бўлиши керак», дея хулоса қилди Бауэр.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг