Озарбайжон раҳбари Қорабоғда Ўзбекистон томонидан қурилаётган мактаб билан танишди
5 май куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда мамлакат биринчи хоними Меҳрибон Алиева Қорабоғ ҳудудида Ўзбекистон томонидан қурилаётган мактаб биноси билан танишди.
Фузулий туманида ўзбек халқидан туҳфа сифатида барпо этилаётган таълим маскани 960 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, 40 та синфхона, 6 та лаборатория, 2 та информатика кабинети, 5 та махсус ўқув хоналари, кутубхона, мажлислар зали, спорт зал ва ўйин майдонларини ўз ичига олади.
Озарбайжон давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, қурилиш ишлари юқори сифат ва даражада олиб борилмоқда. 3 гектар ҳудудни эгаллаган иншоот жорий йил декабрь ойида битказилиши режалаштирилган.
Озарбайжон 2020 йилда 44 кунлик уруш якунида қарийб 30 йил давомида ишғол остида бўлган тарихий ерлари – Қорабоғни қайтариб олишга муваффақ бўлди. Айни пайтда ҳудудда кенг кўламли тиклаш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин қардош, стратегик ҳамкор Озарбайжон халқига дўстлик рамзи сифатида Қорабоғда мактаб қуриб берилишини маълум қилган эди. У, шунингдек, Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлаган.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон томонидан Фузулий туманида мактаб қуриб бериш ташаббусини қардошлик, дўстлик ва бирдамлик рамзи деб баҳолаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter